Самарқанд давлат университетида факултетлараро рус тили кафедраси мудири, доцент Салиха Усмонованинг таваллуди муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.
    Мазкур юбилей анжуманида СамДУ профессор-ўқитувчилари, олимнинг яқинлари, оила аъзолари ва кўплаб меҳмонлар иштирок этди. 
Тадбирни СамДУ филология факултети декани, профессор Жўлибой Элтазаров кириш сўзи билан очиб, олиманинг филология соҳасидаги беқиёс хизматлари ва илмий ютуқлари ҳақида юксак фикрларини билдирди.
    Шунингдек, тадбирда иштирок этган меҳмонлар самимий тилакларини билдириб, Салиха Усмонова билан боғлиқ хотираларни ёдга олдилар. Йиллар давомида олима ўзининг илмий ва педагогик фаолияти билан университет тараққиётига катта ҳисса қўшиб келмоқда.
46 йиллик фидокорона фаолият давомида халқаро ва республика миқёсида 60 дан ортиқ илмий мақолалари чоп этилган, 1 дарслик, 8 услубий қўлланма ҳамда 5 ўқув қўлланма муаллифи сифатида тилшунослик ривожига ўзининг улкан ҳиссасини қўшган. Шунингдек, бир қатор магистрантларга илмий раҳбарлик қилган.
    Салиха Усмонова нафақат юксак савияли педагог, балки жамоат ишларида ҳам фаол, фидойи ва ғайратли инсон сифатида барчага ўрнак бўлиб келмоқда. Фидокорона меҳнатлари халқимиз ва ёш авлод учун бебаҳо хазинадир.

Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.