Самарқанд давлат университети ва Нагоя университети ҳамкорлиги давом этмоқда…
![](https://www.samdu.uz/upload/cover-images/65018eb16a66d-65018eb16a66e-65018eb16a66f-65018eb16a679.jpg)
Самарқанд давлат университетига Япониянинг Нагоя университети халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Ямада Тошиюки бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Меҳмонлар билан СамДУ халқаро ҳамкорлик бўйича проректор Акмал Ахатов учрашди.
Ташриф давомида талаба, тадқиқотчи ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви бўйича сўз юритилди. Шунингдек, СамДУнинг илмий изланувчилари Нагоя университетида докторантурада ўқиш ва Японияда диссертацияларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама этилди.
Ҳамкорликда яйлов муаммоларини ечиш, кимё, физика, ядро физика, муҳандислик соҳаларида илмий тадқиқотлар олиб бориш юзасидан фикр алмашилди. Қолаверса, Самарқанд давлат университетидаги “Ботаника боғи”да “Япон боғи”ни ташкил этишга келишилди.
- Илк бор Самарқандга ташриф буюришим. Ажойиб шаҳар, менга жуда ёқди, - дейди Ямада Тошиюки. – Самарқанд давлат университетида яхши илмий муҳит шаклланган. Университет кампуслари ҳам жуда чиройли. Ҳамкорлигимиз самарали бўлишига ишонаман. Университетингизда япон тили ва маданияти марказининг борлиги ва япониялик талабаларнинг таҳсил олиши мени хурсанд қилди. СамДУга Нобель мукофоти лауреати Азиз Санжарнинг ташриф буюргани бу жуда катта воқеа. Унинг номида лаборатория ташкил қилинганлиги бизда катта таассурот қолдирди…
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати,
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.