Бугун Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг туғилган куни. Ҳаёт бўлганида 70 ёшга тўларди…
Самарқанд
Самарқандга борсам мен агар,
Улуғбекни кўриб қайтаман.
У қон йиғлаб туpap ҳар сафар:
Мен дардимни кимга айтаман?..
Бағримда бўй етган бўз болам,
Мерган болам, лочин кўз болам,
Бўғзимга тиғ урган ўз болам…
Мен дардимни кимга айтаман.
Сезмай қолдим. Ўшанда чоғим,
Юлдузларда экан нигоҳим.
Билмадим не эди гуноҳим…
Мен дардимни кимга айтаман.
Қанча ғамга ботмаган эдим,
Қанча оғу ютмаган эдим…
Ўз боламдан кутмаган эдим…
Мен дардимни кимга айтаман.
Таним музлаб, гоҳ тош қотаман,
Мен шоҳ эмас, ахир, отаман.
Гўримда ҳам ўйлаб ётаман,
Мен дардимни кимга айтаман?..
Самарқандга борсам мен агар,
Улуғбекни кўрмай келмайман.
У менга қон йиғлар ҳар сафар,
Мен дардимни кимга айтаман!