Нуфузли анжуманда Туркия, Эрон, Бельгия, Руминия, Озарбайжон, Ироқ, Фаластин каби давлатлардан 40 га яқин олимлар ва юртимиздаги олий таълим муассасаларидан 50 дан зиёд профессор-ўқитувчи ва тадқиқотчилар иштирок этмоқда.

    Халқаро симпозиум Самарқанд давлат университети ва Туркиянинг Нежметтин Эрбакан университети ҳамкорлигида ташкил этилган.

    Маросим дастлаб Ўзбекистон ва Туркия давлатларининг мадҳиялари билан бошланди.

    Анжуманнинг ялпи мажлисида Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродов, Туркиянинг Нежметтин Эрбакан университети ректори, профессор Жем Зорлу, Туркиянинг Самарқанддаги Бош консули Салиҳ Жанер, Самарқанд вилояти ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Рустам Қобилов, СамДУ филология факультети декани, таниқли турколог Жўлибой Элтазаров маърузалари билан қатнашди.

    Симпозиум Салжуқийлар тарихи ва географиясини белгилаш, Ўрта Осиёдан Ўрта ер денгизигача бўлган чегаралари ва ҳукмронлик қилган даври, Туркистон тупроқларида Салжуқийлар давлатининг ташкил қилиниши, Салжуқийлар даврининг хронологиясини аниқлаш ва бугунги кунгача мерос бўлиб келган жиҳатларини очиб бериш мақсадида ташкил қилинган. Шунингдек, Салжуқийлар давридан ҳозирги кунгача сақланиб қолган моддий маданий ёдгорликларни илмий жиҳатдан тадқиқ этиш, Салжуқийларнинг сиёсий курашининг барча жиҳатларини муҳокама қилиш кўзда тутилган.

    Уч кун давом этадиган симпозиумда Салжуқийлар даврида Туркистон ўлкасининг географияси, тарихий жараёнлари, сиёсий ҳаракатлар, ижтимоий ҳаёт, иқтисодий аҳвол, илм-фан ва тафаккур, маданият ва санъат асарлари, шаҳарлар ва шаҳар ҳаёти каби мавзулар муҳокама қилиниши режалаштирилган.

    Туркиянинг Нежметтин Эрбакан университети ректори, профессор Жем Зорлу:

    - Ота маконда эканлигим менга фахр-ифтихор бағишлайди. Тарихдан биз бир халқ бўлганмиз, динимиз, тилимиз, маданиятларимиз бир. Мен Самарқанд давлат университети фаолияти билан яқиндан танишдим. Туркология илмий тадқиқот институтида бўлдим. Бу ерда турк тилининг ўргатилиши мени қувонтирди. Кеча Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов билан учрашдик. Илм-фан, маданият, сиёсат ва бир қатор соҳалар бўйича гаплашдик. Талаба ва профессор-ўқитувчилар аламашинуви йўлга қўйиш, илмий тадқиқот марказларини ташкил этишга келишдик. Университетларимиз ўртасида ҳамкорлик меморандумини имозладик. Бугунги симпозиум ҳамкорлигимизнинг дастлабки амалий натижасидир.

    Мустафо Кучукўнер, Нежметтин Эрбакан университети профессори:

    - Мазкур анжуманда “Туркистондан Анадолугача бўлган меъморий мерос” номли санъат кўргазмам билан иштирок этмоқдаман. Туркиядан Самарқандга 30 та чизгиларимни олиб келганман. Буларнинг 15 таси Самарқандга оид бўлса, қолган 15 тасида Туркия тарихий обидалари акс эттирилган. Асаримда Самарқанд ва Туркия турли хил даврларда акс этган. Симпозиум доирасида ушбу кўргазманинг очилиши бўлиб ўтди. Менинг ижодим, анжуман қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди. Бундан хурсандман. Ушбу асарлар 2 кун давомида очиқ ҳолда туради. Қизиқувчилар келиб баҳра олишлари мумкин…

    Эмраҳ Йилмаз, Самарқанд давлат университети Туркология илмий тадқиқот институти доценти, PhD:

    - Биз Туркияда яшовчи турклар, ўзимизнинг асосларимизни айнан салжуқийлар, ўғузлар билан боғлаймиз. Улардан олдин ҳунлар, кўктурклар, аварлар, хазарлар, уйғурлар, қорахонийлар ва ғазнавийлар ҳукмронлик қилган бўлсалар ҳам, Анадўлининг эшиги биз туркларга салжуқийлар билан очилган.  Айниқса, Туркия Республикасининг тарихий 1040 йилда бўлиб ўтган Данданакан жангида салжуқийларнинг ғазнавийлар устидан ғалаба қозониши билан бошланади. Кейинчалик Султон Алпарслон бошчилигида Манзикертнинг ғалабаси билан турклар Анадолига жойлашадилар… Мазкур халқаро симпозиумнинг Самарқанд давлат университетида ўтказилиши бежиз эмас. Самарқанд 3-салжуқийлар султони Маликшоҳ даврида давлатнинг асосий шаҳарларидан бири бўлган. Салжуқийлар Шарқ ва Ғарбни бирлаштирган давлат сифатида мавжуд бўлган. Илм-фанга берган аҳамияти туфайли Нишопур, Марв, Исфахон ва Бағдод каби шаҳарларда Низомия мадрасалари билан таълим тизимини жорий қилган ва расдахоналар ташкил этилган…

    Халқаро симпозиум шўъбаларга бўлинган ҳолда ўз ишини давом эттирмоқда…

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати,

Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.