БАЙРАМ ТАБРИГИ...
8 декабрь - Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан барчангизни самимий муборакбод этаман.
Конституция фақат юридик ҳужжат бўлмасдан, балки халқимизнинг умумий мақсадларини англатади. Келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлайди.
Конституцияга нисбатан пойдевор деган сўз беҳудага ишлатилмайди. Давлат қурилиши, фуқароларнинг барча ҳуқуқ, бурч ва мажбуриятлари айнан конституция асосида яратилади, шаклланади.
Янги Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги Конституцияси қабул қилинганига ҳам бир ярим йилдан ошди.
Янги таҳрирдаги Конституцияга халқимизнинг эҳтиёжи жуда катта бўлганини алоҳида таъкидлашни истайман. Сабаби, давлат тизими ва барча муносабатларимиз айнан конституцияга асосланади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳақли равишда таъкидлаганидек: “Конституциямиз лойиҳасини муҳокама қилишдан бошлаб, то уни қабул қилгунча бўлган даврда ўтказилган умумхалқ муҳокамаларида миллионлаб юртдошларимиз фаол иштирок этдилар. Шу нуқтайи назардан қараганда янгиланган конституцияни чинакам муаллифи халқимиз бўлди, деб айтишга барча асосларимиз бор. Энг муҳими энди ислоҳотларимиз йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз «инсон–жамият-давлат» деган янги тизим асосида фақат ва фақат олдинга қараб борамиз.”
Менинг назаримда, янги таҳрирдаги Конституциямизда халқимизнинг барча хоҳиш-истаклари умид ва интилишлари ўз ифодасини топган.
Тўғрисини тан олиш керак бундан 32 йил олдин қабул қилинган Конституция халқимизнинг бугунги талаб ва истакларини тўлақонли ифода этолмас эди.
Замон ўзгарди. Давр ўзгарди. Давлатнининг халқнинг одидаги вазифалари янада ортди. Инсон қадри, инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги, давлатнинг ўз фуқаролари олдидаги масъулиятининг ошиб бориши бу бор гап. Ҳуқуқий демократик давлатда барча муносабатлар Конституцияга асосланади.
Янги Конституциямизда биринчи марта Ўзбекистон ижтимоий давлат эканлиги ўз ифодасини топган. Бу нимани англатади? Халқпарварликка, инсонпарварликка, инсон қадрига бош қомусимизда,биринчи марта алоҳида эътибор берилганлигини кўрсатади.
Конституциямизда фарзандларнинг ота-она олдидаги мажбуриятига ҳам алоҳида тўхталинган. Глобаллашув даврида оила, ота-она ва болалар ўртасида турли зиддиятлар пайдо бўлаётганини ҳам унутишга ҳаққимиз йўқ.
Агар мана шу қадриятдан юз ўгирсак, бу жуда катта таназзулни келтириб чиқаради.
Мазкур муаммо ғарбдан аста-секинлик билан шарқ томон ўрмалаётганлигини ҳам инкор этиб бўлмайди. Шундан бўлса керак, қўшни Қирғизистонда ҳам фарзандларни ота-онага ғамхўрлик қилиши борасида қонун қабул қилинди.
Азиз дўстларим!
Конституция ҳар биримизнинг юрагимиздан жой олиши керак. Уни фақат қабул қилинган кунда эмас, балки бутун ҳаётимизга, фаолиятимизга муносабатларимизга асос қилиб олишимиз шарт ва зарурдир.
Американинг биринчи Президенти Жорж Вашингтон 1787 йил 30 апрелда бўлиб ўтган қасамёд маросимида:“Қўшма Штатларнинг Конституциясини сақлаш, ҳимоялаш ва муҳофаза қилиш йўлида бор кучимни аямайман” деб қасамёд қилади.
АҚШ давлатининг асосчиси ва Конституциясининг муаллифи бўлган бу шахс томонидан айтилган фикрлар бугунги кунимизга ҳам ҳамоҳангдир.
Ҳурматли дўстларим!
Конституция байрами билан яна бир бор муборакбод этаман.
Аллоҳ умрингизга, ризқингизга, илмингизга барака берсин.
Ҳамиша Аллоҳнинг паноҳида бўлинг.
Рустам ХОЛМУРОДОВ,
Самарқанд давлат университети ректори,
Ўзбекистон Республикаси фан арбоби,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.