Самарқанд давлат университети Ургут филиалида шоир Қуддус Асаднинг “Долға” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Анжуманда “Самарқандим” журнали Бош муҳаррири Фаррух Ҳамроев, СамДУ Ургут филиали директори, профессор Қувондиқ Ярашев, Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилоят боълими раиси Тошпўлот Тугалов, шоирнинг яқинлари, талабалар иштирок этди.

Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродовнинг Қуддус Асадга табригини Фаррух Ҳамроев ўқиб эшиттирди.

Сўзга чиққанлар шоир ва унинг шеърлари ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

“Долға” шеърий китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Биринчи китобим” лойиҳаси доирасида нашр этилган. Китобда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Эшқобил Шукурнинг сўз бошиси ёзилган:

- Шериятимизга гурас-гурас ёш шоирлар кириб келаётгани кўзни қувонтиради. Кейинги йилларда шеърнинг янги тўлқини пайдо бўлди. Мен бир гуруҳ ёш шоирларимизнинг оташин чиқишларини, мардона интилишларини, алангали ҳаяжонларини завқ билан кузатаман. Уларнинг ҳар бири ўзини намоён этишга ҳаракат қилиб, ёниқ ижодий ҳаяжонлар билан майдонга кириб келмоқдалар. Шундай иқтидорли ёшларимиз орасида Қуддус Асад ҳам бор. Унинг шеърларида самимият, кўнгил устуворлик қилади…