Венгрия стипендиялари дастурида қатнашиш учун ҳужжатлар қабул қилинмоқда
Венгрия ҳукумати томонидан эълон қилинган “Stipendium Hungaricum” стипендия дастурига ариза топширишнинг охирги муддати — 2024-йил 15-январ, 14:00 (Марказий Европа вақти).
Ушбу стипендия дастури доирасида Венгрия томони Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун 2024/2025-ўқув йилида қуйидаги тартибда жами 170 та таълим грантларини тақдим этади:
20 та ўрин – бакалавриат;
10 та ўрин — бакалавриат магистратура билан бирлаштирилган, яъни, ҳужжатлар бакалавриат таълим йўналиши бўйича топширилади, унга магистратура (One tire master) ҳам киради, ўқиш муддати таълим йўналишига қараб 5 ёки 6 йил;
60 та ўрин – магистратура;
60 та ўрин – докторантура (PhD);
20 та ўрин — Жисмоний тарбия университетида ўқиш учун (Будапешт шаҳрида).
Грантлардан Венгрия университетларида қисқа муддатли курслар учун ҳам фойдаланиш мумкин.
Ўзбекистон томонидан мувофиқлаштирувчи – Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги.
Қўшимча тарзда, қуйидагиларни маълум қиламиз:
Барча ҳужжатларни онлайн форматда тўғридан-тўғри “Tempus Public Foundation” (Венгрия томонидан ушбу стипендия дастурининг мувофиқлаштирувчиси) кўрсатган платформага юбориш кифоя.
Дастлабки босқичда ҳужжатлар Венгрия томонидан синчковлик билан ўрганилиб, танлов талабларига жавоб бермайдиган барча ҳужжатлар рўйхатдан чиқариб ташланади.
“Short list” (сараланганлар рўйхати)ни Венгрия томони тегишли венгер олий таълим муассасалари билан маслаҳатлашганидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига баҳолаш учун юборади ва Вазирлик номзодларни 1 дан 170-рақамгача (асосий рўйхат) ва ундан кейин 170 дан 340-рақамгача (захира) кетма-кетликда баҳолаб беради. Ҳужжат топширганларнинг жами сонидан келиб чиқиб, номзодни ўқишга қабул қилиш бўйича якуний қарор Венгрия томонидан қабул қилинади. Бунда номзод имтиҳон топширган Венгрия университетининг қарори инобатга олинади.
Лозим бўлганда, Ўзбекистон томонидан Вазирлик, ўқишга қабул қилаётган Венгрия университети ёки координаторлар номзодни онлайн интервюга таклиф қилишлари мумкин.
Номзодларнинг рўйхатдаги жойлашуви қатъий равишда ажратилган квоталар доирасида белгиланади — 20 та (бакалавр), 10 та — (бакалавр билан қўшилган магистратура даражаси), 60 та — (магистратура), 60 та — (докторантура), 20 та — Жисмоний тарбия университети (Будапешт шаҳри.).
Рўйхатда кетма-кетлик (устуворлик) бўйича жойлаштириш (баҳолаш) тартиби Ўзбекистонда кадрлар тайёрлашнинг устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Муҳандислик-техника, шунингдек, тиббиёт, фарматсевтика, биотехнология, кимё, геология, физика, ахборот технологиялари, сунъий интеллект, энергетика, муқобил энергия манбалари ва бошқа шу каби йўналишларга ҳужжат топширганларга имтиёз берилади.
Олий таълим муассасасида иш тажрибаси, чет тилларини билиш аҳамиятга эга бўлади. Имтиёз ўқишни 2024-йилда тугатмоқчи бўлганларга эмас, балки 2024-йилнинг 15-январига қадар у ёки бу босқични тамомлаганларга берилади.
Ўз касбий фаолиятини республикада, айниқса, олий, ўрта махсус ва профессионал таълим тизимида, республика илмий марказларида ва шу каби муассасаларда давом эттирмоқчи бўлган номзодлар қўллаб-қувватланади.
“Аризалар қабули тўғрисида эълон” (“Call for Applications ” – ҳужжатларни топшириш тартиби) билан танишиб чиқишингизни сўраймиз. Стипендиум Ҳунгариcум – https://stipendiumhungaricum.hu/apply/ веб-сайтида келтирилган.
Батафсил маълумот – https://stipendiumhungaricum.hu/