Кимёнинг охири борми?

Самарқанд давлат университети физикавий ва коллоид кимё кафедраси доценти, кимё фанлари номзоди Раҳима Тошматова узоқ йиллардан буён талабаларга физикавий ва коллоид кимё фанидан дарс бериб келади. Республика ва халқаро нашрларда 200 дан зиёд мақолалари нашр этилган. Кимё технология йўналиши талабалари учун “Кимёвий технологиядан лаборатория ишлари”, “ChemCad дастурида кимёвий-технологик жараёнлар таҳлили”, “Аналитик кимё”, “Кимёдан масала ва машқлар” каби дарслик ва ўқув қўлланмалар муаллифи.
– Кўпчиликка кимё фани ўта мураккаб бўлиб туйилади, - дейди Раҳима Тошматова. - Аммо кимё жуда қизиқарли фан. Астойдил ўрганишга бел боғлаган ҳар бир одамга ҳали очилмаган бир қиррасини намоён қилаверади. Шу кунга қадар илмий-педагогик фаолиятим давомида физикавий ва коллоид кимёнинг сир-асрорларини талабаларга ўргатиб келаётган бўлсам ҳам, ҳали-ҳануз кимё илмининг тубига етганим йўқ. Бу илм нури ҳеч қачон тугамайди, зиё таратишда давом этаверади.
Самарқанд давлат университети кимё факултетида 20 дан ортиқ олима фаолият юритади. Уларнинг ҳар бири кимё илмининг ҳали очилмаган, ўрганилмаган қирраларини ўрганишга астойдил бел боғлаб, илмий тадқиқот олиб боришмоқда. Кимё илми ниҳоятда чегарасиз сир-синоатларга бой. Университетдаги ҳар бир кимёвий тадқиқот бу сир-синоатларни ечишда ўзига хос қадам бўлиши шубҳасиз.
Ирода Бекмуродова
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.