Самарқанд давлат университети ноорганик кимё ва материалшунослик кафедраси ассистенти Гулноза Абулқосимова кимё фанида виртуал лаборатория машғулотларини ташкил этиш бўйича илмий тадқиқот олиб боради. Мазкур йўналишда Гулноза Абулқосимованинг 10 дан ортиқ мақола ва тезислари республика ва халқаро журналларда нашр этилган. Шунингдек, у “Ноорганик кимёдан лаборатория машғулотлари”, “Кимёнинг яратилиш тарихи” каби ўқув ва услубий қўлланмалар муаллифи.

    – Таълимда жараёнида лаборатория машғулотларини виртуаллаштириш зарурати кундан-кунга муҳим масалага айланмоқда, - дейди Гулноза Абулқосимова. -  Содда тарзда айтганда, виртуал лаборатория ҳеч қандай ускуналарсиз тажриба ўтказишдир.  Бу жараён масофадан туриб, махсус пулт орқали бошқарилади. Барча ишлар компютер орқали назорат қилинади. Виртуал лабораториянинг афзаллиги шундаки, лаборатория учун қимматбаҳо ускуналар ва реактивлар сотиб олишга ҳожат бўлмайди. Қолаверса, кўплаб лаборатория хоналари етарлича жиҳозланмаган. Эски ускуналардан фойдаланиш ўқувчилар учун хавфли ҳисобланади. Бундан ташқари, кимёвий лабораторияларда ускуналардан ташқари сарфланадиган кимёвий элементлар ва реактив моддалар ҳам зарур бўлади. Уларнинг нархи  анча қиммат. Жараён виртуаллаштирилганда бундай моддаларга эҳтиёж бўлмайди. Шу жиҳатдан виртуал лаборатория машғулотлари кам харажат сарфлаб, юқори аниқликдаги натижалар олиш имконини беради.  

    Кимёвий тажрибаларни виртуаллаштириш орқали лаборатория шароитлари мавжуд бўлмаган мактабларда ҳам лаборатория машғулотларини ташкил этиш имкони яратилади. Шу билан бирга виртуал лабораториялар орқали реал шароитларда амалга ошириш қийин бўлган жараёнларни замонавий компютер технологиялари орқали кузатиш мумкин бўлади. Шунингдек, ҳар бир ўтказилган жараён ва реакцияни компютер хотирасига сақлаб қўйиш ҳам мумкин. Энг асосийси, бундай машғулотлар масофавий таълим жараёнида жуда қўл келади.

 

Ирода Бекмуродова

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими.

Шавкат Акрамов олган суратлар.