Сўнгги 6 ой ичида Самарқанд давлат университети профессори Нормурод Файзуллаевнинг 9 мақоласи SCOPUS ва WEB OF SCIENCE журналларида чоп этилди

Олимнинг сўзларига кўра, у шогирдлари билан биргаликда шу йилнинг охирига қадар SCOPUS ва WEB OF SCIENCE журналларида 30 дан ортиқ мақола чиқаришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети полимерлар кимёси ва кимёвий технология кафедраси мудири, кимё фанлари доктори, профессор Нормурод Файзуллаев сўнгги 6 ой ичида SCOPUS ва WEB OF SCIENCE журналларида 9 мақола чиқарди. Олимнинг бугунги кунда 50 дан ортиқ шогирдлари бўлиб, уларнинг 5 нафари докторлик (DSc), 8 нафари номзодлик (PhD) диссертатсияларини ҳимоя қилиш арафасида.
- Президентимизнинг юксак эътибори туфайли сўнгги 6 йилда ўқитувчиларга бўлган ҳурмат сезиларли даражада ошди, - дейди Нормурод Файзуллаев. - Ойликлар кўтарилди, илмий ишлар қадрлана бошлади. Доим шогирдларимга ҳар бир инсон кечқурун мен бугун нима қилдим, деб ўзига савол бериши керак, дея таъкидлайман. Ўша вақти барчасини сарҳисоб қилиб, эртанги кун учун режалар ва мақсадлар тузиш кераклигини айтаман.
Ана шунда олиб борилаётган тадқиқотлар ҳам номига қилинмайди. Одамлар ўйлаб, фикрлаб ўз соҳасини ривожлантириш ҳақида ўйлайди. Илмий ишлар, диссертациялар фақат назарий бўлишининг тарафдори эмасман. Ҳар бир тадқиқот бевосита амалиёт боғлиқ бўлиши, унинг халқимизга, фанга сезиларли ҳиссаси бўлиши лозим. Ҳозир илм билан шуғулланаман, деган олимларни Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳам ўз грантлари билан қўллаб-қувватламоқда. Агар ҳар бир олим ўзи мустақил фанга янгилик олиб кирса, ўз соҳасини мукаммал ўрганиб, шогирдлар етиштирсагина бизда ривожланиш, ўсиш бўлади.
Отабек Саъдуллаев,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.