“Юксак тараққиёт сари интилаётган ҳар қандай халқ, аввало, адабиётга эътибор қаратиши лозим...”

Самарқанд давлат университети филология факультети магистри Зилола Амриддинова “8-синф адабиёт дарслигининг қиёсий-типологик таҳлили” мавзусида илмий тадқиқот олиб боради. Мазкур мавзу бўйича бир қатор мақолалари республика ва халқаро нашрларда чоп этилган. Жорий йилда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги миқёсида ташкил этилган “Энг яхши инноватор - 2022” мақолалар танловида “Мустақилликдан кейинги йилларда яратилган адабиёт дарсликларида ижодкор таржимайи ҳолининг қиёсий-типологик таҳлили” мақоласи билан иштирок этиб, эсдалик нишон билан тақдирланган. Илмий раҳбари ўзбек тили ва адабиёти кафедраси доценти Бадиа Муҳиддинова.
– Адабиёт фан сифатида инсоният юксала бошлагандан буён ўзининг муҳим ўрнига эга бўлган узоқ тарихий даврни ўз ичига олган фанлардан бўлиб келмоқда, - дейди Зилола Амирдинова. - Дунёда юксак тараққиётни мақсад қилган ҳар қандай халқ, аввало, адабиётига эътибор қаратади. Чунки ёш авлодни тарбиялашда, инсонларни маънавиятга чорлашда фаннинг ўрни ниҳоятда катта. Президентимиз томонидан таълим соҳасига энг долзарб масала сифатида қаралаётгани ҳам, адабиётнинг ўрнини, унинг долзарблигини янада оширди. Тадқиқот мобайнида 8-синф адабиёт дарслигини ўрганишда дарсликнинг 1997, 2002, 2006, 2010, 2014, 2019-йиллардаги таҳририда, асосан, ҳаммуаллифларнинг ўзгарганлиги, аннотатсиянинг танланганлиги, ижодкорларнинг фаолияти қандай ёритилганига, бадиий асарларнинг қай тартибда берилганига, назарий маълумотларнинг қиёсий таҳлилини амалга оширишга ҳаракат қилдим. Мазкур дарсликда маълумотлар тўлиқ ҳолда берилгани учун ҳам ўқувчида нисбатан кенгроқ тасаввур, тушунча ва билим ҳосил қила олади, яъни дарс жараёнида кўзланган мақсадга тўлиқ эришиш мумкин бўлади.
Тадқиқотчининг илмий иш давомида аввалги дарсликларни ўрганиб ҳозиргилари билан қиёслаш, ютуқ ва камчиликларни аниқлаш бўйича олиб борган таҳлили янги яратиладиган дарсликлар учун улкан замин ҳозирлаши шубҳасиз.
Ирода Бекмуродова
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.