Самарқанд давлат университетига Туркия Республикасининг Кавказ университетлар уюшмаси раиси, профессор Рамазон Қўрқмаз, Жанубий Техас университети ректори, профессор Мурад Таш, Киршехир Ахи Эвран университети ректори, профессор Ватан Каракая, Ялова университети ректори, профессор Мехмет Бахчекапилилар бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.

    Делегация аъзоларини Самарқанд давлат университети Халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Акмал Ахатов ҳамда Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор Ҳаким Хушвақтовлар кутиб олди. Ташрифдан асосий мақсад халқаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ҳамда кадрлар алмашинувига эришишдир.

    Дастлаб делегация аъзоларига Самарқанд давлат университетининг халқаро ва илмий фаолияти ҳақида маълумот берилди.  Шунингдек, келажакда кадрлар алмашинувини йўлга қўйиш бўйича фикр алмашилди.

    - Ялова университети дунё рейтингида юқори нуфузга эга. Бизнинг университет асосан полимерлар кимёси соҳасига ихтисослашган, - дейди Ялова университети ректори, профессор Мехмет Бахчекапили. – Самарқанд давлат университети билан ҳамкорлик қилиш бизни жуда хурсанд қилади. Бу борада доим ҳамкорликка тайёрмиз. Мен ўйлайманки, иккала университет кимёгарлари биргаликда юқори натижаларга эришади.

Беҳруз Шамсиддинов

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими,

Шавкат Акрамов олган суратлар.