Бугундан академик лицейларга қабул бошланади

Бугун, 20 июндан эътиборан 2022/2023 ўқув йили учун академик лицейларга умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларидан ҳужжатларни litsey.edu.uz портали орқали онлайн қабул қилиш жараёнлари бошланади.
Абитуриентлар рўйхатдан ўтиш жараёнида тизимга шахсий маълумотларни киритиш билан бирга қуйидаги ҳужжатларни электрон шаклда (PDF, JPEG) юклашлари лозим (https://t.me/eduuz/9320):
- жорий йилда 9-синфни битирганлик тўғрисидаги шаҳодатнома;
- 3,5х4,5 см ўлчамдаги 1 та рангли фотосурат;
- ўқишга имтиёзли кириш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар — фан олимпиадаси, танловлар, мусобақа ғолиби эканлигини тасдиқловчи диплом, сертификат, гувоҳнома, шунингдек, чет тили ва умумтаълим фанларни билиш даражаси тўғрисидаги миллий ёки халқаро сертификат (мавжуд бўлса).
Абитуриентлар рўйхатдан ўтишда:
- ўзлари танлаган учтагача академик лицейнинг биттадан мос йўналишини танлаши (бунда таълим тили бир хил бўлиши керак);
- ва қайси чет тилидан кириш тест синовини топширишини ҳам белгилайди.
Шунингдек, абитуриент ўзи танлаган ҳудудда (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар маркази ёки Тошкент шаҳрида) ташкил этиладиган кириш тест синовларида иштирок этади.
*Қабул жараёнлари билан боғлиқ қўшимча маълумотларни академик лицейларда ташкил этилган “Call-center” рақамлари (https://drive.google.com/file/d/1vFzoJAadK4k6g6Lmc92Ze83np0q2Q-4z/view?usp=sharing) орқали олишингиз мумкин.
Маълумот учун, Тошкент давлат юридик университети қошидаги академик лицей учун ҳужжатлар litsey.dtm.uz сайти орқали қабул қилинади.