Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али 80 ёшда…

Самарқанд Ёшлар марказида Ўзбекистон халқ ёзувчиси, шоир, таржимон ва олим Муҳаммад Али таваллудининг 80 йиллик юбилейи муносабати билан ижодий учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, Олий Мажлис Cенати аъзоси, “Зарафшон” газетаси бош муҳаррири Фармон Тошев, адабиётшунос Сувон Мели, “Шарқ юлдузи” журнали бош муҳаррири Сирожиддин Рауф ҳамда Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими аъзолари, ёш ижодкорлар ва адабиёт ихлосмандлари иштирок этди. Тадбирда сўзга чиққанлар ёзувчи Муҳаммад Али ижоди ва адабий мероси ҳақида фикр билдирар экан, ўзбек адабиётида энг катта ва масъулиятли мавзу – Амир Темур шахсини гавдалантириш, темурийлар тарихи ёритилган роман-эпопея яратишдек улкан ва масъулиятли ишни ғоят маҳорат билан уддалаганлигига алоҳида тўхталишди.
– Ўзбек адабиётида Соҳибқирон Амир Темур сиймосининг яратилиши, унинг халқимиз суядиган образлар қаторига кўтарилишида Муҳаммад Алининг хизматлари беқиёсдир, - “Шарқ юлдузи” журнали бош муҳаррири, шоир Сирожиддин Рауф. - Муҳамммад Али ижод йўлининг бошидаёқ Соҳибқирон ҳақида шеърлар ёзиш билан бошланган ушбу улкан ва хайрли амал Амир Темур ҳақида бутун бошли роман-эпопея яратиш билан ўз чўққисига етди. Эпопеяда ўзбек халқининг ХIV асрдаги турмуш-ҳаёти тасвирланаркан, тарихий ҳодисалар оқимида Амир Темур образининг тадрижий ўсиб бориши, унинг характеридаги адолатпарварлик, ҳалоллик, мардлик ва ватанпарварлик фазилатлари ғоятда маҳорат билан кўрсатиб берилган. Ёзувчининг адабиётимизга қўшган ҳиссаси, тарихий асарлар яратиш борасида эришган ютуқлари таҳсинга сазовордир.
Учрашув давомида ижодкорнинг замондошлари Муҳаммад Али билан боғлиқ хотиралар билан ўртоқлашди. Ёзувчининг ўзи мухлисларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати
Шавкат Акрамов олган суратлар.