Самарқанд давлат университетига Италиянинг Инсубрия университети делегацияси ташриф буюрди…

Самарқанд давлат университетига Италиянинг Инсубрия университети халқаро-алоқалар бўйича проректори Барбара Поззо бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Делегация аъзоларини СамДУ халқаро алоқалар бўйича проректори Акмал Ахатов қабул қилди.
Ташрифдан асосий мақсад халқаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, магистратура босқичида таҳсил олаётган талабаларни 1+1 дастури асосида ўқитиш ҳамда СамДУ тадқиқотчилари билан кадрлар алмашинувини йўлга қўйишдир.
- Самарқанд давлат университетига илк маротаба ташриф буюришим. Бундан кўзланган асосий мақсад ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва мустаҳкамлашдир, - дейди Инсубрия университети халқаро-алоқалар бўйича проректори, профессор Барбара Поззо. – Иккита лойиҳа бўйича ҳамкорлик қилиш масаласини илгари сурмоқчиман. Биринчиси, СамДУ, Инсурбия, “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети билан туризм соҳасида илмий лойиҳалар амалга ошириш. Ушбу лойиҳанинг мазмуни туризмни ривожлантириш ва унинг оқимини кенгайтириш. Иккинчи лойиҳа эса, ишлаб чиқариш ва озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ. Яъни сифатли ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган дарахт турларини экиш ва кўпайтириш. Бу лойиҳамиз Европанинг 7 университети билан ташкил қилинган ва самарали натижа бермоқда.
Бундан ташқари делегация аъзолари 2024 йилдан СамДУ билан ҳамкорликда меҳмонхона менежменти ва археология йўналишида кўчма магистратура ўқитиш тизимини жорий этиш таклифини билдирдилар. Шунингдек, Самарқанд давлат университетининг маълум йўналишдаги докторантларини Инсубрия университетида ўқишини давом эттириш бўйича келишувга эришилди.
Ташриф давомида меҳмонлар СамДУ археология ва зоология музейлари билан танишдилар.
Беҳруз Шамсиддинов
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими,
Шавкат Акрамов олган суратлар