Самарқанд давлат университети ўзбек тили ва адабиёти кафедраси мудири, профессор Ибодулла Мирзаев атоқли тилшунос олим, профессор В.Г.Гакнинг филология факультети талабаларига мўлжалланган “Француз тили назарий грамматикаси” дарслигини (1 қисм. Морфология) ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилди.

    Ушбу дарсликда француз назарий грамматикасининг асосий муаммолари ёритилган бўлиб, мунозарали масалалар атрофида кечган илмий баҳсларнинг моҳияти  батафсил очиб берилган. Бунда нафақат француз филологиясига доир мумтоз асарлар, шунингдек, бу соҳадаги энг янги тадқиқотлар ҳам эътиборга олинган. Грамматик ҳодисалар таҳлили асосида вазифавий-мазмуний ёндашув ётади. Лексика ва грамматиканинг ўзаро муносабатига, сўз туркумлари, транспозициясига, морфологик шакл ва синтактик қурилмаларининг бирламчи ва иккиламчи вазифаларини аниқлашга, фикр назариясига, гапнинг коммуникатив ва прагматик жиҳатларига, матн назарияси унсурларига катта эътибор қаратилади. Боблар бўйича француз тилида берилган қисқача хулосалар ва француз терминологик муқобиллар билан келтирилган муфасал кўрсаткич талабларга семинар дарсларига тайёргарлик кўришда ҳамда малакавий-битирув ишлари ёзишда асқотиши мумкин.

    Дарслик бакалавриат, магистрант, докторант-филологларга, профессор-ўқитувчиларга ҳамда тилшуносликнинг функционал-семантик масалалари билан қизиққан барча тадқиқотчиларга мўлжалланган.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати