Табиат илми оламида ўсимликларни биологик ҳимоя қилиш йўлларини аниқлаш, бу борада фойдали  ва самарали бўлган ҳайвонот ва ноботот оламини ўрганиш муҳим масаладир. Ўсимликларни биологик ҳимоя қилиш деганда улар учун хавфли бўлган баъзи паразитларга қарши курашиш, турли касалликларини даволаш тушунилади. Табиатда бундай хусусиятга эга бўлган ҳашаротлар бисёр. Визилдоқ қўнғизлар шулардан биридир. Визилдоқ қўнғизлар қаттиққанотлиларнинг барча туркумлари орасида тури сони жиҳатидан олдинги ўринлардан бирини эгаллайди ва экосистемаларда зарарли ҳашаротларни йўқотишда катта аҳамият касб этади.

    Самарқанд давлат университети биология факультети магистри Дилноза Зокирова “Сarabidae оиласи қўнғизлари (Визилдоқ қўнғизлар) да айрим морфологик белгилар вариациясининг қиёсий таҳлили” мавзусида илмий тадқиқот олиб боради. Илмий раҳбари зоология кафедраси доценти Эркин Абдуллаев.

    -Визилдоқ қўнғизлар қаттиққанотли ҳашаротларнинг энг яхши ўрганилган гуруҳларидан биридир, - дейди тадқиқотчи  Дилноза Зокирова, - Турларнинг хилма-хиллиги бўйича ушбу оила қўнғизларнинг энг катта оилалардан ҳисобланади. Лекин визилдоқ қўнғизларнинг хилма-хиллиги турли ҳудудларда анча кенг ўрганилганлигига қарамасдан, уларнинг турли ҳудудларда ва турли таксонларида систематик аҳамиятга эга бўлган морфологик белгилари вариациясини ўрганишга бағишланган ишлар жуда кам. Уларнинг кўпчилик турларида, айниқса, Ўзбекистоннинг ёки Марказий Осиёнинг эндемик турлари учун морфологик тавсиф берилмаган ва тур ва авлодлар аниқлагичлари ишлаб чиқилмаган.

    Визилдоқ қўнғизлар турли зараркунанда ҳашарот ва паразитларни йўқотишда, умуман олганда ўсимликларни биологик ҳимоялашда ниҳоятда катта аҳамият касб этади. Шу сабабли, унинг табиятдаги аҳамиятини ўрганиш муҳимдир.

    Тадқиқотимизнинг асосий мақсади визилдоқ қўнғизларнинг энг муҳим морфологик белгиларини аниқлаш, уларнинг ҳудудлар ва систематик гуруҳлар бўйича вариациясини ўрганиш ва ушбу белгиларнинг систематик аҳамиятини очиб беришдан иборат.

 

Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати