Самарқанд давлат университети тадқиқотчиси Эмраҳ Йилмазнинг шу "Махтумқули Фироғийнинг фикр дунёси" номли монографияси нашр этилди.

    Асарда, таниқли туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғийнинг (1724-1807) ҳаёти, оила аъзолари, таълим олган муассасалари, қўлёзмалари, адабий тахаллуслари, адабий шахсияти ва санъати ҳақида атрофлича маълумот берилган. Адиб асарларидаги лисоний-бадиий воситалар, семантик унсурларнинг тушунча ва тимсолларни жонлантиришдаги ўрни муҳокама қилинган. Шу билан бирга, Ўзбекистон, Туркманистон, Россия ва Туркияда Махтумқули ижоди бғйича олиб борилган тадқиқотлар тарихи умумий маънода тилга олинган.

    Адабиётида Махтумқули ижодини ўрганиш қарийб икки асрлик тарихга эга бўлиб, ўша даврдан ҳозирги кунгача унинг санъаткорлик маҳорати, мафкура нуқтаи назаридан дунё маданиятига қўшган ҳиссаси ҳақида турли мамлакатларда кўплаб асарлар ёзилган. Бу тадқиқотда Фироғийнинг ижодий мероси мисолида XVIII асрни ёритиб турадиган классик менталитетни ва мумтоз тафаккур структурасини аниқлаш, идрокий қудратини очиб бериш, шеърларнинг ва ибораларининг ифодавий унсурларини кўрсатиш асосий мақсад қилиб олинган.

    Шу билан бирга, Махтумқулининг иборалар оламига эътибор қаратилиб, мумтоз адабиётда тутган ўрни очиб берилган. Ўзбекистон, Туркманистон, Туркия туркологияси ютуқларини илмий изланишларга қўшиб олиб бориш Махтумқулишуносликка бир бутунлик сифатида ёндашишда фойдали бўлиши далилланган. Классик давр ибораларининг семантик таҳлили, тил тарихи нуқтайи назаридан муҳим маълумотлар беришда, Махтумқулишунослик бўйича тадқиқотлар яратишда манба бўлиб хизмат қилиши асосланган. Шоирнинг асарларидаги фразеологизмлар лексикологик ва семантик жиҳатдан таҳлил қилинган.

    Тадқиқот материалларидан тилшунос ва адабиётшунослар амалий ва илмий изланишларида манба сифатида фойдаланишлари мумкин. Асарда келтирилган фикр-мулоҳаза ва таклифлар Махтумқули Фироғий асарлари борасида олиб бориладиган тадқиқотлар учун, айниқса, шоирнинг ижодини ўрганиш, мумтоз давр туркман адабиётини тадқиқ қилиш, ўзбек олимлари томонидан амалга оширилаётган илмий асарлар аҳамиятини белгилашда манба бўлиб хизмат қилади.

    Китоб, мумтоз давр ўзбек адабиёти фани ўқитувчилари, олий ўқув юртига кириш учун мустақил тайёрланувчилар, кенг китобҳонлар ҳамда барча қизиқувчилар учун мўлжалланган.

 

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.