Бугун юртимиздаги олий таълим муассасалари фаолиятини янада яхшилаш ва уларни ТОП-1000 талик университетлар қаторига қўшиш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Самарқанд давлат университетида ҳам бу борада мақсадли ислоҳотлар ва бир қатор лойиҳалар олиб борилмоқда.

    Айниқса, ушбу лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш жараёнига хорижлик мутахассисларнинг жалб этилиши университет фаолиятини жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқишда муҳим ҳисобланади.

    Самарқанд давлат университети трансформация маркази директори, профессор Моҳд Назиш Хон университетни янада ривожлантириш, халқаро рейтингларда ўрин олишда илмий тадқиқотлар, замонавий ўқув хоналари, янги методология билан биргаликда ўқитувчи ва талабаларнинг чет тилларини билиш кўникмасини оширишни ҳам муҳим деб ҳисоблайди.

    - Мен бу ерга 2022 йил баҳорида СамДУ халқаро ҳамкорлик бўлими координатори, профессор Мухтор Носировнинг таклифи билан бир ойлик академик сафарга келган эдим, - дейди Моҳд Назиш Хон. - Профессорлар ва ёш ўқитувчиларнинг илмий изланишлари ва тадқиқотлар учун яратилган ажойиб муҳит менда бу ерда узоқ муддат ишлаш фикри пайдо бўлишига хизмат қилди. Мен бу ерга келишимдан аввал Ҳиндистоннинг Алигарх Муслим университетида фаолият олиб борганман.

    Ҳозирги вақтда Самарқанд давлат университети жамоаси унинг халқаро рейтингини кўтариш учун ҳамжиҳатликда ҳаракат қилмоқда. Янги ўқув йилидан университетда икки институт ва бир филиал ҳам ўз ишини бошлайди. Бу эса жамоага яна бир масъулият юклайди.

    Айни пайтда биз мавжуд академик муаммоларни, тадқиқот нашри масалалари, ўқитиш усуллари, методологияси, кутубхона фаолияти ва бошқа кўплаб масалаларни таҳлил қилиш ва улар учун аниқ, жиддий ечимларни таклиф этиш учун ўрганиш олиб бормоқдамиз. Университет жуда катта салоҳиятга эга. Биз ушбу потенциалдан тўғри ва оқилона фойдаланиб, ўз билимимизни самарали йўналтиришимиз лозим.

    Доимий равишда университетнинг ўқув, халқаро ҳамкорлик, илмий ишлар ва инновациялар, таълим сифатини назорат қилиш каби бўлимлари масъуллари билан биргаликда мавжуд муаммоларни таҳлил қилмоқдамиз. Ўйлайманки, янги ўқув йилидан бошлаб университет мутлақо янгича тизимда ўз фаолиятини бошлайди. Бу олий таълим муассасасига берилган академик ва молиявий мустақиллик билан ҳам боғлиқ, албатта.

    Самарқанд давлат университети ўқув жараёнларида замонавий технологиялардан кенг фойдаланилмоқда. Бироқ менинг фикримча, замонавий тадқиқотлар учун кўпроқ техник ва илмий лабораториялар керак. Биз ўқитувчиларимиз учун инглиз тилини кўпроқ ўз ичига олган факультетларни ривожлантиришнинг замонавий дастурларини жорий қилишни режалаштирмоқдамиз. Шунингдек, талабалар билан биргаликда янада жиддийроқ ҳаракат қилиб, инглиз тилини ўрганиш учун қулай муҳит яратишни ўз олдимизга мақсад қилиб олганмиз. Ҳозир университетда кўплаб талабалар чет тилларини ўрганишга ҳаракат қилмоқда. Чунки бу мукаммал тадқиқот ва манбалар учун бутун дунёда қўлланиладиган замонавий восита ҳисобланади.

Отабек Саъдуллаев,

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими.

Шавкат Акрамов олган суратлар.