Самарқанд давлат университетида кўзи ожиз абитуриентлар учун касбий (ижодий) имтиҳонлар бўлиб ўтди...

Самарқанд давлат университетига ўқишга топширган кўзи ожиз абитуриентлар учун амалий математика, филология, физика, география, ижтимоий иш, иқтисодиёт, компьютер илмлари ва дастурлаш технологиялари, амалий психология, тарих, юриспруденция таълим йўналишлари бўйича касбий (ижодий) имтиҳонлар ўтказилди. Ушбу имтиҳонда абитуриентлар асосий ва чет тили фанлари бўйича билимларини синаб кўришди.
Имтиҳон ёзма ва оғзаки шаклда бўлиб, 5 та савол учун бир соат вақт ажратилган. Жавоблар мезон асосида беш баллик тизимда баҳоланади.
Имтиҳонларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида camera.samdu.uz платформаси орқали жонли эфирга узатилди. Бундан ташқари ота-оналарнинг жараёнларни жонли кузатиб бориш учун алоҳида мониторли хона ажратилиб, фарзандларининг имтиҳонларини назорат қилиш имконияти яратилди.
- Бугун ҳаммамиз учун ҳаяжонли кун. Фарзандим имтиҳонларга астойдил тайёрланган, - дейди абитуриентнинг онаси Ҳалима Бобоева. – Бугун унинг ҳаётида ўзгариш юз бериши мумкин. Имтиҳон жуда яхши ташкил қилиниб, шаффоф ўтмоқда. Биз тўғридан-тўғри жараёнларни овозли камера орқали кўриб, эшитиб турибмиз. Бунинг учун университет раҳбарияти ва ташкилотчиларига миннатдорчилик билдираман. Энг қувонарлиси, имтиҳон натижалари шу пайтнинг ўзида эълон қилинишида. Бу жараёнларни янада шаффоф ўтишини таъминлайди. Барча абитуриентларга омад!
- Ўтган йили ҳам худди шундай имтиҳон жараёнларида абитуриент сифатида иштирок этган эдим ва талабалик бахтига муяссар бўлдим. Ўзбекистон-Финландия педагогика институтининг 1-курсини тамомладим, - дейди Шеҳроз Даминов. – Бу йил укам Самарқанд давлат университетининг тарих йўналишига ҳужжат топширди. Менда ҳеч қандай хавотир йўқ. Ўтган йилдагидек имтиҳонлар адолатли ва шаффоф ўтишига ишонаман ва буни барчамиз амалда кўриб турибмиз. Укамнинг талаба бўлишига ишончим комил…
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.