Жорий йилнинг 1-5 август санасида Оила ва хотин-қизлар илмий-тадқиқот институтининг ташаббуси билан БМТнинг Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Америка Қўшма Штатлари Халқаро тараққиёт агентлиги (УСАИД) Ўзбекистондаги ҳуқуқий ислоҳотлар бўйича йўналиши саъй-ҳаракати билан беш кун давомида “Илмий тадқиқотларни ўтказишдаги замонавий тенденциялар: методология ва воситалар” мавзусида сайёр ёзги мактаб ўтказилди. Ёзги мактабда республиканинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган 20 нафар тингловчи иштирок этди. Қатнашувчиларнинг 50 фоизини илмий даражали тингловчилар ташкил этиб, улар орасида Самарқанд давлат университети ижтимоий-иқтисодий география кафедраси доценти Лутфулло Ибрагимов ҳам бор.

    Мазкур ёзги мактабда БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг халқаро экспертлари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази, Давлат статистика қўмитаси, Оила ва хотин-қизлар илмий-тадқиқот институти, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти миллий тадқиқот университети олимлари, амалиётчи мутахассислари томонидан илмий тадқиқотларни олиб бориш, демография ва гендер масалалари бўйича илмий маърузалар ва маҳорат дарслари ўтказилди.

    - Ёзги мактабда ўқувчиларимизнинг олган билимлари илмий муаммони тўғри тадқиқ этишга, илмий тадқиқотларни тўғри ўлчаш, маълумотларни қайта ишлаш ва таҳлил қилиш, маълумотларни визуаллаштиришга ёрдам беради, - дейди доцент Лутфулло Ибрагимов. - Ўтказилган ёзги мактаб ёш олимлар ўртасида билим ва тажриба алмашиш, “Оила ва хотин-қизлар” илмий-тадқиқот институтининг эксперт ва ёш олимлари базасини янада кенгайтириш, республикамиз олий ўқув юртларида демография соҳасида фаолият олиб борадиган тадқиқотчилар билан доимий ҳамкорлик қилиш имконини беради.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.

Шавкат Акрамов олган сурат.