Ижод аҳли ҳаёт, табиат, инсон кўнгли ва туйғуларини жонли сўз қудрати ила бетакрор мисраларда акс эттирадилар. Табиийки, ҳар бир яратилган асар сўз қудратидан бунёд бўлган бир бино кабидир. Шу кунга қадар кўҳна ва азим Самарқандимиз тарихига бағишлаб кўплаб асарлар яратилган. Уларнинг ҳар бири адабиёт ва тарих илмида ўз ўрнига эга. Зотан, мудроқ қалбларни уйғотишда, сўнган туйғуларни ёлқинлаштиришда, ҳаёт ҳақиқатларининг инсон онгида акс топишини таъминлашда адабиётдан кучли таъсир қуроли йўқ.

     “Самарқанднома”да азим Самарқанд шаҳрининг диний ва дунёвий илму маърифати, азиз-авлиёлари, мадраса ва мударрислари, қадимий обидалари ҳақида ҳикоялар замонавий ўзгаришлар билан уйғунлаштирилган. Унда Шоҳи Зинда, Руҳобод, Соҳибқирон Амир Темур мақбаралари, Соҳибқирон боғлари, Регистон майдони, Улуғбек Олий мадрасаси ва унинг бугунги давомчиси Самарқанд давлат университети ҳақида бўлимлар ўрин олган. Достон хотимасидан жой олган “Янги Самарқанд” фасли тасвирлари ўқувчи кўз ўнгида бугунги Самарқанд шаҳри кўринишини яққол гавдалантиради.

    - “Самарқанднома”ни ёзиш истаги шунчаки ҳавас бўлмади, - дейди муаллиф. - Достон айни дамда ўтмишни билиш, аждодлар ҳаёти, улар мероси ва ютуқларини ўрганиш ва ўргатиш, неча ўн минг йиллик суронли тарихга назар солиш, хулоса чиқариш, шууримиздаги бефарқликка барҳам бериш ва авлодлар тарбиясидаги бўшликни тўлдиришга бўлган кичик бир ҳаракатдир. Боболаримиз бошидан кечирган шафқатсиз урушлар, илмга ташналик, оғир ва азобли турмуш тарзи ҳаммамиз учун доим аҳамиятли бўлган. Бироқ шундай оғир, курашли даврларда улар кўрсатган матонат, ўзлигига садоқат, маърифатга интилиш, эзгу тушунчалар тамойилини улуғлаш туйғуси, Ватани ва халқига муҳаббат бугунги ёшлар учун ўрнак бўлишга арзигулик хусусиятлардир. Мақсадимиз ёш авлодга ва кенг китобхонлар оммасига юртимизнинг шонли тарихи, қадимий ва навқирон обидалари, буюк аждодларимиз маънавий хазинаси ҳамда улар ҳаётидаги оламшумул воқеалар мазмунидан бир кичик гулдаста тузиш. Ер юзининг сайқали бўлган Самарқанд тавсифи, киндик қонимиз тўкилган она шаҳримиз, унинг янги қиёфаси тасвири эса унга чексиз муҳаббатимизнинг ифодасидир. Асарда баён этилган барча маълумотлар манбалар асосида ёритилди. Бошқа камчилик ёки хатолар бўлса, истисно қиласиз деган умиддамиз.

    Ўн саккиз бўлимдан иборат ушбу достон орқали кўҳна Самарқандимиз ўтмиши китобхон кўз ўнгида яна бир карра яқиндан намоён бўлса ажаб эмас. Қадим ва навқирон Самарқанд, унинг ўтмиши, шонли сарҳадлари ҳақида яратилган бундай асар мустақиллигимизнинг 31 йиллиги учун муносиб туҳфа бўлишига ишонамиз.


Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.
Шавкат Акрамов олган суратлар.