Самарқанд давлат университети спортчилари V Ислом бирдамлик ўйинларида юқори чўққиларни забт этишди…

Туркиянинг Коня шаҳрида ўтказилган V Ислом бирдамлик ўйинларида Самарқанд давлат университетининг 7 нафар талабаси ва 2 битирувчиси юртимиз шарафини ҳимоя қилди.
Муросасиз кечган баҳсларда спортчи талабаларимиз муносиб иштирок этиб, юқори натижаларга эришди.
Дзюдо спорт тури бўйича Самарқанд давлат университети талабаси ва битирувчиси ака-ука Сардор ва Кемран Нуриллаевлар олтин ҳамда кумуш медалга сазовор бўлиб, юқори рейтингни қайд этди.
Эркин кураш бўйича Шоҳида Аҳмедова кумуш медалга эга бўлди.
Ушбу мусобақада оғир атлетика бўйича энг юқори натижани Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари қайд этди. Амалдаги Ёш ва Ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпиони Шарофиддин Амриддинов энг ёш иштирокчи бўлишига қарамай, бронза медалига сазовор бўлиб, кун қаҳрамонига айланди.
Енгил атлетика бўйича муваффақиятли иштирок этган Роксана Худоёрова узунликка сакрашда 6.32 метр натижа билан бронза медалига эга чиқди.
Жаҳон ва Осиё чемпионатларида муносиб иштирок этиб, келаётган Ботиржон Исматов велотрек спорти бўйича жамоавий баҳсларда бронза медалини қўлга киритиб, энг яхши велоспортчи, дея эътироф этилди.
СамДУ талабаси Амирхон Содиқов ва ФарДУ талабаси Зиёдахон Абдусатторова дуэти камондан ўқ отишнинг микст йўналишидаги ҳаракати бронза медалини қўлга киритишига сабабчи бўлди.
Дзюдо оламида 2022 йил бўйича юқори рейтингни қайд этиб турган «Токио-2020» олимпиада ўйинлари совриндори, СамДУ битирувчиси Давлат Бобоновга ҳам бронза медали насиб қилди.
Озодбек Унгаловга камондан ўқ отиш спорти бўйича бронза медаль учун “Токио-2020” олимпиада чемпиони туркиялик Мете Газзозга қарши курашда бироз омад етишмади ва 4-ўринни қўлга киритди.
Самарқанд давлат университети спортчилари 1 олтин, 2 кумуш, 5 бронза медалларга эга чиқиб, юртимиз фахрига айланди…
Сардор Нуриллаев, Самарқанд давлат университети талабаси, дзюдо спорти бўйича Осиё ва V Ислом бирдамлик ўйинлари чемпиони:
- Самарқанд давлат университети мен ва оилам учун қадрли. Акам Кемран Нуриллаев ҳам ушбу даргоҳни тамомлаган. Бу галги мусобақада ҳам юзимиз ёруғ бўлиб, юртимиз байроғини юксакларга кўтариш насиб қилди. Мени қўллаб-қувватлагани учун Самарқанд давлат университети жамосига миннатдорлигимни билдираман. Барча спортчиларга омад!
Кемран Нуриллаев, Самарқанд давлат университети битирувчиси, дзюдо спорти бўйича «Токио-2020» олимпиада ўйинлари иштирокчиси, V Ислом бирдамлик ўйинлари кумуш медали соҳиби:
- Самарқанд давлат университетида ўқиганимдан фахрланаман. Юзлаб спортчиларни етиштирган бу улуғ даргоҳда амалий ва назарий билимларни эгаллаб юқори натижаларга эришиб келмоқдаман. Бу ерда ёшларга ва спортга бўлган эътибор доим мени хурсанд қилиб келган. Мени ўқитган барча устоз ва мураббийларимга ташаккурларимни билдираман.
Шоҳида Аҳмедова, Самарқанд давлат университети талабаси, эркин кураш бўйича Осиё ўйинлари совриндори ва V Ислом бирдамлик ўйинлари кумуш медали соҳиби:
- Бу йил мен бир қатор ютуқларга эришдим, халқаро мусобақаларда юқори натижаларни қайд этдим. Қолаверса, Осиё ва V Ислом бирдамлик ўйинларида кумуш медалга сазовор бўлдим. Ушбу медални мен олтинга тенг, деб биламан. Бу меҳнатларим ортида Самарқанд давлат университетининг ўрни беқиёс. Мени қўллаб-қувватлагани учун Самарқанд давлат университетидан миннатдорман.
Шарофиддин Амриддинов, Самарқанд давлат университети талабаси, оғир атлетика бўйича амалдаги Ёш ва ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон ва Осиё чемпиони, V Ислом бирдамлик ўйинлари совриндори:
- Бу мусобақа мен учун ҳаяжонли ва жуда оғир кечди. Охиригача курашдим, ҳақиқатан ҳам рақибларим анча кучли. Мусобақадошларим тажрибали ва менга нисбатан ёш жиҳатдан катта. Ҳар гал шоҳсупачага кўтарилганимда фақат менга берилган ишонч ва масъулият ҳақида ўйладим. Мени қўллаб-қувватлаб турган оиламга, яқинларимга, хусусан Самарқанд давлат университети жамоасига ўз миннатдорлигимни билдираман. Ушбу камтарона ғалабамни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 31 йиллигига бағишлайман.
Ботиржон Исматов, Самарқанд давлат университети талабаси, велоспорт бўйича V Ислом бирдамлик ўйинлари совриндори:
- Мен учун Коня-2021 V Ислом бирдамлик ўйинлари осон кечмади. Дастлаб, Вело-трек яккалик баҳсларда муваффақиятсизликка учаб, 4- ўринни қўлга киритдим. Лекин ортга чекинмадим, оилам, яқинларим, Самарқанд давлат университети жамоаси мени қўллаб-қувватлаб турди. Ушбу йўналишнинг жамоавий баҳсларида бронза медалини қўлга киритдим.
Роксана Худоёрова, Самарқанд давлат университети талабаси, енгил атлетика бўйича «Токио-2020» олимпиада ўйинлари иштирокчиси, V Ислом бирдамлик ўйинлари бронза медали соҳиби:
- Жорий йилда бир қатор халқаро ва нуфузли мусобақаларда иштирок этиб, юртимиз шарафини ҳимоя қилиб келмоқдаман. V Ислом бирдамлик ўйинлари ҳам мен учун омадли келди ва бронза медалига эга бўлдим. Ушбу мусобақаларда муваффақият қозонишимда Самарқанд давлат университети ҳар доим далда бўлиб келмоқда. Спортчи талабалар учун ажойиб муҳит ва шароитларни яратиб берганлиги учун СамДУ ректори, профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродовга миннатдорлигимни билдираман.
Амирхон Содиқов, Самарқанд давлат университети талабаси, камондан ўқ отиш бўйича V Ислом бирдамлик ўйинлари бронза медали соҳиби:
- Ушбу мусобақа мен учун эсда қоларли ва қизиқарли воқеаларга бой бўлди. Дастлаб, якка баҳсларда яхши натижа кўрсатолмадим. Бироз тушкунликка тушдим. Лекин Самарқанд давлат университети жамоасининг менга билдирган ишончи ва қўллаб -қувватлаши кейинги баҳсларда менга куч бағишлади. Мен билан бирга иштирок этган ФарДУ талабаси Зиёдахон Абдусатторова билан дуэтимизнинг микст йўналишида бронза медалига сазовор бўлдим. Бу мен учун катта бахт.
Давлат Бобонов, Самарқанд давлат университети битирувчиси, дзюдо спорти бўйича «Токио-2020» олимпиада ўйинлари совриндори, V Ислом бирдамлик ўйинлари бронза медали соҳиби:
- Самарқанд давлат университети ҳақида ўйласам, энг яхши хотиралар ёдга тушади, ажойиб муҳит доим ҳукмрон. Барча соҳаларда ёшларга кенг имкониятлар берилган. Айниқса, спортчилар учун барча шароитлар мужассам. СамДУ спортчилари жаҳон ареналарида доим намуна бўлиб келмоқда. Ушбу имконият ва шароитлар учун университет раҳбариятига миннатдорлик билдираман ва ғалабалар муборак бўлсин!
Озодбек Унгалов, Самарқанд давлат университети талабаси, камондан ўқ отиш спорти бўйича V Ислом бирдамлик ўйинлари иштирокчиси:
- Самарқанд давлат университетида ўқиш мен учун шараф. V Ислом бирдамлик ўйинларида тажрибасизлигим сабаб, менга бироз омад етишмади. Бронза медали учун кечган баҳсларда камондан ўқ отиш бўйича «Токио-2020» олимпиада ўйинлари чемпиони туркиялик Мете Газзозга ғалабани бой бердим. Мен бу билан чекинмайман, барибир мақсадимга эришаман. Албатта чемпион бўламан.
Беҳруз ШАМСИДДИНОВ
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.