Самарқанд номи тарихий ва ёзма манбаларда қандай шаклларда учрайди?
Муғ тоғидан топилган сўғдий ҳужжатларда шаҳар Самаркант, қадимги Юнон ва Рим муаллифлари асарларида Мараканда, Марганда ва Марганди шаклларида қайд этилади. Араблар эса уни Самарой деб атаганлар. Италиялик сайёҳ ва адиб Марко Полонинг китобида шаҳар Самарқан, Сармакан ва Санмаркан шаклларида тилга олинади. Форсчада Самарқанд дейилган. Хитойнинг қадимги ва ўрта аср йилномаларида Самарқанд шаҳар, вилоят ва уларнинг ҳукмдорлари ҳам Кан ёки Самоган, Лимоган, Сивингин ва Саймаэркан шакллардаги атамалар билан таърифланади.
Абу Райҳон Беруний, Маҳмуд Кошғарий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларида Самарқанд “Семирқанд” яъни “семиз шаҳар” маъносини билдиради, деган фикр баён этилган.
Булардан ташқари, турли даврларда битилган тарихий манба ва китобларда шаҳар номи Самариана, Сараманка, Саканна, Санманган, Самакиён, Сумрон, Шамаркан, Самарой, Симроят каби шаклларда ҳам қайд этилади.
Фанда Самарқанд топонимининг юзага келиши ва семантикаси борасида турли хил фикр ва мулоҳазалар келтирилган. Айрим хорижий топонимистлар шаҳар номи санскритга самария – “йиғин” ёки “анжуман” сўзидан олинган деган фикрни айтган. “Тарихи Табарий”, “Самария” ва “Ғиёс ул-луғот” асарларининг муаллифлари ёзишларича, “Самар”- подшонинг номи бўлиб, “канд” эса туркий тилда “шаҳар” деган маънони англатган. Демак, Самарқанд - Самар шаҳри демакдир.
Уларнинг яна бир фикрича, Яман подшо зодагонларидан бўлмиш Шамар Сўғд аҳолиси билан жанг қилиб, шаҳарни бузиб вайронага айлантирган. У қайта бошдан тикланиб, Шамарканд номи билан юритилиб кетган. Яна бир манбада эса шаҳар ҳудудида Самар исмли эътиборли шахс томонидан қазилган булоқ бўлган. Аҳоли ушбу булоқ атрофида йиғилиб, ўрнашгани сабабли булоқбоши мавзеи Самарқанд, яъни Самаркан номи билан аталган экан.
Самарқанд топонимлари, гарчи шаклан бир-бирига ҳамоҳанг бўлсада, уларнинг морфологияси ҳам, туб маъноси ҳам маълум даражада ўзгариб мукаммаллашиб борган.
Самарқанд ҳудудида Сангин - Чашмасиёб, Санграсон - Новадон, Обираҳмат ва Обимашат каби серсув булоқлар ҳамда уларнинг оқар жилғаларидан ҳосил бўлган обиҳаёт манбаи мавжуд бўлган. Бу чашмалар кўпгина хасталиклар учун шифобахш ва табаррук ҳисобланган. “Самария” китобида бу борада “Самарқанд элининг эскидан қолган бир одати бордирким, ажам йилининг сўнги душанба оқшоми (Наврўзнинг охирги душанбаси)да ушбу ариқ (Обираҳмат) ёқасига йиғилишиб чўмиладилар ва таҳорат қиладилар. Табаррук юзасидан ушбу сувдан оладилар” деб маълумот берилади. Байрамона кечган бундай эътиқодий оқшомдан сўнг, “Гуноҳ тўкилди”, “Қозон тўлди” ва “Бой бўлди” деб юритиладиган анъанавий йиғинлар ўтказилган.
Қадимги Самарканд атамаси аввал Самарканд, сўнгра эса Самарқанд шаклларида талаффуз этилади.
Самарқанд топоними морфологик жиҳатдан икки бўғинли бўлиб, унинг бош бўғини “самар” ибораси сўғд, форс-тожик ва ўзбек тилларида кенг истифода этилган. Бу сўз “машҳур, танилган, самарали” ва баракали каби маъноларни англатган. Иккинчи бўғини “канд, қанд ва кент” лексемалари эса катта ёки улкан қишлоқ, шаҳар, ўлка тушунчаларини билдирган. Бундан икки хил шакллардаги иборалар бирикмасидаги “Самарқанд” машҳур ва шуҳратли шаҳар сифатида тасвирланган. Шу боисдан, бундай номдор Самарқанд тарихда “сайқали рўйи замин”, яъни “Ер юзининг жилоси” сифатида таърифланиб келинган.
Самарқанд шаҳрининг асрий шуҳрати туфайли ўрта асрлардаёқ Ўрта Осиё ва унга туташган бир нечта мамлакат ҳудудларида қатор шаҳар, қишлоқ, жой ҳамда ороним ва гидронимлар Самарқанд, Самарқандак каби шаклларда юритилган.
Самарқанд топонимининг қатор синонимик атамаларини топонимистик, лингвистик ва тарихий таҳлилидан маълум бўлишича, мазкур шаҳар “Саримаскан” - Катта булоқ бошида, кўкаламзор-марғий ерда катта қишлоқ шаклида қад кўтарган. Ҳудудига монанд у Маскат деб юритилган. Маскатнинг гирди иҳота ва мудофаа деворлари билан ўраб олиниб, унинг шимолий қисмида Сиёбнинг чап соҳили бўйлаб мустаҳкам истеҳкомли ҳукмдор қароргоҳи – “куҳандиз-арк” бино қилингач, у шаҳар қиёфасида равнақ топган. Унинг шуҳрати ортиб, “Самарқанд” яъни, машҳур шаҳар номи билан таърифланиб, жаҳонга донғи кетган.
Сунатилло Муҳиддинов
Самарқанд давлат университети
Самарқанд тамаддуни тарихи кафедраси мудири, доцент.