Университет ва институтлар ўз болалар боғчасига эга бўлиши керакми?

ёки оилали талабалар тақдири...
Буюк Британияда талаба-оналар...
Буюк Британияда фарзандли бўлган талабага энг камида 2 ҳафталик таътил берилади. Шунингдек, ота бўлган талаба ҳам 1-2 ҳафталик таътил олиши мумкин. Университетлар талабанинг ёш болали бўлиши таълим олишга тўсиқ бўлмайди, деб ҳисоблайди.
Мазкур тоифадаги талабаларга қулай шароит яратиб беради. Талаба томонидан тўлдириб берилган оналик режаси ҳужжатига мувофиқ фарзандли бўлган талаба она ёки талаба ота муайян муддатли таътилга чиқиш имкониятига эга бўлади.
Англия университетларида ёш болали талабаларнинг ва ўқитувчиларнинг фарзандлари учун боғча ташкил қилинган. Ушбу боғчалар уч ойликдан то мактаб ёшигача бўлган болалар учун хизмат кўрсатади. Талаба фарзандини ўзи билан бирга дарсга олиб келиб, уни университетнинг махсус боғчасида қолдириши, машғулотлар тугагач яна олиб кетиши йўлга қўйилган. Ҳомиладор ёки ёш болали талаба-қизлар учун алоҳида дастур ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра академик стандартларни бузмаган ҳолда талаба-онанинг ўқиши учун мос шароит қилиб берилади. Бу ҳолатда улар икки хил таътил шаклларидан бирини танлайди. Биринчиси, 2 ҳафталик қисқа таътил бўлса, иккинчиси, бола парвариши учун бериладиган бир йиллик таътил. Талаба улардан бирини танлаб, ўқишини давом эттираверади
Америкада оилали талаба-қизлар...
Америка олий таълим муассасаларида ёш оналар учун махсус психологик ва амалий курслар ҳамда маслаҳат марказлари хизмат кўрсатади. АҚШ нинг аксарият университетларида ҳам талабалар фарзандлари учун махсус боғчалар мавжуд. Қолаверса, барча соҳалардаги муаммоларни ҳал этишга йўналтирилган ёш оналар портали оилали талаба-қизлар учун ниҳоятда фойдали.
Юқорида келтирилган мисоллар ривожланган давлатлар тажрибасидан бир шингил холос. Хўш, Ўзбекистонда ёш фарзанди бор талабалар учун қандай имкониятлар бор?
Ўзбекистон қонунчилигига кўра, талаба хотин-қизлар ҳомиладорлик ва бола парвариши учун академик таътил олишлари, туғуруқдан кейинги қисқа таътилга чиқишлари ёки ўз йўналишлари бўйича сиртқи ёки масофавий таълим шакли мавжуд бўлса, ўқишини ўзи учун қулай шаклга ўтказишлари мумкин. Лекин деярли ҳеч бир университет ёки институтда ёш болали талабаларнинг фарзандларига хизмат кўрсатадиган боғчалар мавжуд эмас.
Ҳозирда олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган оилали талаба қизларнинг таълимдаги аҳволини у қадар ҳам яхши деб бўлмайди. Кўп ҳолларда ўқишдаги масъулият ва бола парвариши жараёнидаги мажбуриятларни тартибга солиш уларнинг қўлидан келмайди. Натижада руҳий зўриқиш ва ўқишда пассивлик ҳолатлари кузатилади. Оилали талаба-қиз асосий вақтини оиласи учун сарфлайди, ундан қолган қисми эса дарс ва ўз устида ишлашга кетади. Табиийки, бу жараёнда кўпинча дарсларнинг “ҳақига хиёнат қилинади”. Ўқиш ва оилавий муносабатларни мувозанатда ушлаб туриш талаба-қизнинг олдида турган асосий вазифа, шу билан бирга даврнинг долзарб муаммосидир.
Шарофат Тўхлиева, Самарқанд давлат университети хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳат кенгаши раиси, ректор маслаҳатчиси:
-Фаолиятимиз юзасидан талаба-қизлар орасида юриб, уларни қийнаётган муаммоларни эшитиб, имкон доирасида ҳал қилишга ҳаракат қиламиз. Шу кунга қадар, хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳат кенгашига энг кўп мурожаат қилганлар оилали, ёш фарзанди бор талаба-қизлардир. Кенгаш ҳамиша уларни қўллаб-қувватлашга, қонун меъёрларига мувофиқ ёрдам беришга тайёр. Мурожаатларнинг аксарияти талабанинг ўзига берилган вазифани вақтида бажармагани, кўп дарс қолдиргани сабаб юзага келган муаммолар бўлса, бир қисми таълим тизимида оилали талаба-қизларга бериладиган имтиёзларнинг камлиги билан боғлиқ. Ўйлайманки, энди бундай бўлмайди. Бугун олий таълимдаги қизлар учун яратилган ҳар бир имконият нафақат бир қизга у орқали бир оилага, бутун бир жамиятга берилган имконият, қилинган яхшиликдир. Илгари қизларнинг магистратурада ўқиши анчайин қийин эди ва кам кузатиларди. Ахир, қиз тўрт йил давомида шартнома пулини тўлаб келган оилага ботиниб “магистратурада ўқийман” деёлмасди-да. Энди бу муаммо бўлолмайди. Чунки магистратура босқичида таҳсил олаётган қизларнинг шартнома пули давлат ҳисобидан қопланади.
Дилдора Сулаймонова, Самарқанд давлат университети психология ва ижтимоий муносабатлар факультети ўқитувчиси, психолог:
- Ўзбек халқига хос одатлар ёки миллатимиз онгига сингиб кетган стереотипларга кўра, қиз фарзанд тарбияланаётган оилада “қиз болани тенги чиқса текин бер” қабилида иш тутадилар. Мен психолог-педагог сифатида бунга қаршиман. Чунки қизни ҳали ўқишни тугатмай туриб узатиш бу унинг ҳам илм олишига ҳам психологиясига ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Нимага деганда оддий қиз билан турмушга чиққан талаба қизнинг ўртасида катта фарқ бўлади. Ўша турмушга чиққан талаба қизнинг хаёлига бир разм солсангиз, “бугун бу ишни қилишга улгуролмадим, қайнонамдан гап эшитмасам бўлди”, “фарзандим кечаси билан иситмалаб чиқди, ҳозир яхшимикан”, “бугун турмуш ўртоғим билан меҳмонга боришимиз керак эди, иккинчи дарсдан қандай жавоб олсам экан” деган хаёллар билан дарсда ўтирганига гувоҳ бўласиз. Тўғри, инсон тафаккури жуда яхши ривожланган бўлиб, бир вақтнинг ўзида кўп ишларга вақт ажрата олиши, астойдил ҳаракат қилса ҳамма нарсага улгуриши мумкин. Лекин бунинг хам ўз чегараси бор. Айниқса ҳомиладор талаба қизларимизга қийин, чунки бу даврнинг жуда нозик давр эканлигини ҳисобга олсак, улар ташқи таъсирга жуда тез берилувчан ва асабий бўлиб қолиши, оила ва ўқишга бир вақтнинг ўзида улгураман деб саломатлигига зарар етказиши мумкин. Бу ҳолатда қандай қилиб таълим олиб бўлади?! Айниқса бугунги кунда таълим сифатини яхшилаш ва малакали кадрлар тайёрлаш асосий мақсадимизга айланган. Ёшларимиз зиммасига катта масъулиятлар юкланган ва олий таълимга қўйиладиган талаблар ҳам олдингидек эмас.
Психолог сифатида қабулимга келган талаба қизларнинг асосий қисми турмушга чиққан талабалар бўлишади. Улардаги асосий муаммо асабийлик, оила ва ўқишга бирдай улгуролмаслик ортидан келиб чиққан муаммолар, шунча ўқиса ҳам эсда сақлаб қололмаслик ва шунга ўхшаш масалалар. Буларнинг энг асосий сабабларидан бири иш ҳажмининг кўплиги, ўқиш, оила, фарзанд, уй юмушлари... Бир вақтнинг ўзида шунча нарсага ургуришга бўлган уриниш ҳар қандай инсонни руҳий чарчатиб қўяди. Энг ёмони жуда қаттиқ стресслар натижасидаги психосоматик касалликлар юзага келиши мумкин. Мен бу билан турмушга чиққан талаба қизларни шундай қисмат кутяпти, демоқчи эмасман. Албатта қизларимизни қўллаб-қувватлаб турадиган ва энг муҳими талаба-қизни тушунадиган яқинлари бўлса, у ҳаммасини уддалайди.
Мафтуна Бозорқулова, Самарқанд давлат университети халқаро таълим дастурлари факультети талабаси. Айни пайтда Жанубий Кореянинг Сунчунянг университетида таҳсил олади.
- Мен таҳсил оладиган Сунчунянг университетида ривожланган давлатлар тажрибасига мос тарзда ёш болали талабалар учун бир қатор қулайликлар мавжуд. Жумладан, улар учун дарслар масофавий шаклга қўйиб берилиши мумкин. Университет кампусида талаба ва ўқитувчи-ходимларнинг фарзандлари учун хизмат кўрсатадиган боғчалар фаолият юритади. Ёш болали талабалар қулай чегирмалар асосида фарзандларини бериши мумкин. Қолаверса, бу боғчалар университетнинг мактабгача таълим факультети талабалари учун амалиёт жойи вазифасини ўташ билан бирга университетнинг қўшимча даромад манбаи ҳам ҳисобланади.
Мухтасар айтганда, вазият ҳар қанақасига таҳлил қилинмасин, ёш болали талаба-қизларнинг таълимдаги аҳволи, берилган топшириқ ва вазифаларни бажаришдаги ҳолати бошқа оддий талабалардан фарқ қилади. Қизлар таълимида яратилган ҳар бир имконият ва янгилик моҳиятида, аввало, келажак авлод тарбияси қўлида бўлган миллат қизларининг илм олиши ётибди. Зеро, олий маълумот олган, илмли, зиёли хотин-қизлар маърифатли авлод тарбиялашнинг бош сабабчиларидир. Шундай экан, уларни ҳамиша қўллаб-қувватлаш, сифатли таълим олишлари учун шароит яратиш жамиятнинг муҳим вазифаси бўлиши керак.
Ирода Бекмуродова
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими