Самарқанд давлат университети спорт фаолияти ва санъат факультети талабаси, қўл жанги спорти бўйича Жаҳон чемпиони Нилуфар Полвонова билан суҳбат

    -Қўл жанги спорт турини танлашингизга  сабаб нима?

    -Маҳалламизда очилган спорт мактабида қўл жангидан мураббий қиз бола эди. 12 ёшимда шу кичик сабаб билан спорт мактабига қатнай бошладим. Кейин ушбу спорт тури ҳаётимнинг бир қисмига айланди. Университетга ўқишга кирган вақтим деярли ютуқларим бўлмаган. Курсдошларим орасида спорт усталари, жаҳон ва осиё чемпионлари кўп эди. Чемпионларга чин дилдан ҳавас қилиб, улар каби бўлишга интилиб, бугунги даражага етиб келдим. Шу сабабли ютуқларимда университетимизнинг алоҳида ўрни бор.  

    -Энг эсда қоларли  ғалабангиз қайси?

    - Ҳаётимда эришган илк ғалабам вилоят чемпионатида 1-ўринни олганман. Бу воқеа  бир умрга ёдимда қолган. 14 ёшимда вилоят кубогида ғолиб бўлганимдан кейин Ўзбекистон чемпионатида қатнашиб учинчи ўринга лойиқ кўрилдим. 16 ёшимда Ўзбекистон чемпиони номига сазовор бўлдим. Жорий йилнинг май ойида Бухорода ўтказилган Жаҳон чемпионатида иштирок этиб, 1-ўринни қўлга киритдим. Ўзи умуман ҳар бир ғалабам мен учун эcда қоларли ва унутилмас бўлади.

    -Муваффақиятингизнинг сири нимада?

    -Қўллаб-қувватлаш! Ҳар бир мусобақа олдидан отам қўнғироқ қилиб, ютиш ва ютқазиш ҳақида ўйламаслигимни тайинлайди. Энг муҳими рақибга қараганда кучли бўлиш ва чиройли иштирок. Жангларим давомида фақат шу ҳақда ўйлайман. Шунингдек, сабр-матонат, мустаҳкам ирода ва яқинларнинг қўллаб-қувватлаши ҳам муҳим омил. Уларсиз муваффақиятга эришиш қийин.  

    -Мағлубиятни қандай қабул қиласиз?

    -Албатта, тўғри қабул қиламан. Хафа бўлиш, тушкунликка тушиш мен учун бегона. Қаердадир хато қилгандирманки, шундай бўлган. Мағлубият мен учун ўз устимда яна ишлашим ва ўзим кутган маррага эришгунгача ҳали борлигини англатадиган тушунча.

    -Спорт сиз учун нима?

    -Спорт – бутун ҳаётим. Бошқа таърифга ҳожат йўқ...

    -Спортни тарк этиш ҳақида ўйлаган вақтингиз бўлганми?

    - Мусобақалардан бирида қаттиқ жароҳатландим. Яқинларим аҳволимни кўриб жуда қийналишди. Онам кечалари тепамда ўтириб тинмай йиғлаб чиқарди. Соғайганимдан кейин улар спорт билан шуғулланишимни қатъий таъқиқлаб қўйдилар. Аммо, спортсиз ҳаётим худди рангсиз бўлиб қолгандай, ҳеч нарсага иштиёқ ва қизиқишим қолмади. Буни кўрган отам онам билан гаплашиб, спорт билан шуғулланишимга кўндирди ва мен яна спортга қайтдим.  

    -Спорт сизга нима берди?

    -Аввало, ўз-ўзимга ишонч берди. Спорт менга яшашни ўргатди, ҳаётим мазмунига айланди. У шундай машғулотки, унга эътибор ва вақт ажратмасангиз, куч сарфламасангиз сизга ҳеч қандай натижа бермайди. Тўғри, кези келганда оила ва дўстлар учун вақт тополмайсиз, аммо эришган ҳар бир муваффақиятингиз бунинг ўрнини боса олади.  

    -Келажакдаги режаларингиз?

    -Шу кунларда сентябрь ойида Россияда бўлиб ўтиши режалаштирилаётган жаҳон кубогида иштирок этиш учун тайёргарлик кўряпман. Унда иштирок этиб юртимиз байроғини баланд кўтариш асосий мақсадим. Келгусида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган олимпиада ва жаҳон чемпиони бўлиш, жаҳон майдонларида, ғолиблик шоҳсупаларида мадҳиямиз садолари янграшига сабабчи бўлиш энг катта орзуйим.

 

Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими
Ирода Бекмуродова суҳбатлашди