Телеграм тармоғидаги “Кушербаевга мурожаат” каналида Самарқанд давлат университетига бошқа олий таълим муассасаларидан ўқишини кўчирган талабаларнинг мурожаатлари эълон қилинди…

     Самарқанд давлат университети маъмурияти ушбу мурожаатлар бўйича қуйидагиларни маълум қилади:

    Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети сиртқи бўлимининг юриспруденция йўналишига 2021-2022 ўқув йилида чет эл олий таълим муассасаларидан 460 нафар талаба ўқишини кўчириб келган. Уларнинг 400 нафарга яқини имтиҳонлардан (айримлари бир-иккита, баъзилари барча фарқли фанлардан) ўта олмасдан, академик қарздор бўлган. Имтиҳон натижалари таҳлили шуни кўрсатдики, мазкур талабалар хорижий ОТМ 1 босқичида талаб даражасида ўқитилмаган, аксариятининг юриспруденция соҳасининг базавий фанларидан ҳам хабари йўқ. Натижада мазкур талабаларнинг кўпчилиги 2 босқич фанларини умуман ўзлаштира олмаган. Ўқув режасида мавжуд она тили ҳамда Рим тарихи фанлари хусусидаги “бунинг бизга нима кераги бор” қабилидаги таъналари уларнинг ўқишга бўлган муносабатини кўрсатиб турибди.

    2022 йил 28 сентябрь куни сиртқи бўлимнинг юриспруденция йўналиши талабаларининг мурожаатлари юзасидан СамДУда университет раҳбарияти, Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Х. Очилов, Матбуот котиби М.Мирзаев ва бошқа мутасаддилар ҳамда талабалар иштирокида брифинг ўтказилган эди.

    Брифинг чоғида университет раҳбарияти фарқли фанлар учун ташкил этиладиган дарс машғулотлари учун тўловни бекор қилишга қарор қилганлиги тушунтирилди. Лекин, 2 босқич, яъни 2021-2022 ўқув йилидаги сессиялар давомида имтиҳонлардан “икки” баҳо олиб, ўта олмаган талабалар қайта дарс машғулотларини ташкил этиш учун ўзлаштирилмаган фанларнинг кредитлари миқдорига мос равишда базавий тўлов-контракт миқдоридан келиб чиққан ҳолда тўловни амалга оширишлари зарурлиги ҳам уқтирилди.

    Бу Самарқанд давлат университети ўйлаб топган чора-тадбир эмас. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги 824-сон қарори билан тасдиқланган «Олий таълим муассасаларида ўқув жараёнига кредит-модуль тизимини жорий этиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 8-боб, 41-бандига кўра, академик қарздор талабалар таътил вақтида ёки кейинги семестрлар мобайнида тегишли фанлардан ўзлаштирилмаган кредитлар миқдорига мос равишда базавий тўлов-контракт миқдоридан келиб чиққан ҳолда тўловни амалга оширгандан сўнг ўзлаштирилмаган фанларни ўз ҳисобидан қайта ўқиш ҳуқуқи берилган. Талабаларнинг айримлари буни баҳо қўйилмаган имтиҳонлар учун эмас, гўёки олинган имтиҳонлар учун пул тўлаш қабилида тушуниб, ижтимоий тармоқларда ҳам масалани шундай талқин қилишга уринмоқда.

    Ўқишини кўчириб келган сиртқи бўлим юриспруденция йўналишининг имтиҳонлардан ўта олмаган аксарият талабалари қайта имтиҳон топширишга тайёргарлик кўраётган бир пайтда, “у ёқ бу ёққа мурожаат қилсам, гап-сўздан чўчиб тўловни бекор қилишади” дея хомтама бўлиб юрган 2-3 нафар  талабалар  қолганларни ҳам йўлдан уриш билан шуғулланиб, университет раҳбариятига турли юқори инстацияларга шикоят қилиш  билан очиқдан-очиқ таҳдид солмоқда. Устига-устак, мазкур талабаларнинг баъзилари ижтимоий тармоқда йиғилиб олиб, бошқа талабаларни ҳам ўз сафига тортишга, айрим депутат ва блогерларга мурожаат қилиш орқали университет обрўсини туширишга уринмоқда.

    Самарқанд давлат университети   ўқишини кўчирган талабалардан  ўрнатилган тартиб-тамойилларга амал қилишни, берилган имкониятлардан тўғри фойдаланиб, ижтимоий тармоқларда университет шаънига тўғри келмайдиган чиқишлардан тийилишга чақиради.

 

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати