Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетига янги ўқув йилида грант асосида талабаликка тавсия этилган ёшларнинг ота-оналарига Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродовнинг Ташаккурномаларини топшириш давом этмоқда.

    Пастдарғомнинг олис Парчақора қишлоғидан бугун яна бир ўқимишли инсон етишиб чиқиш арафасида турибди. Албатта, буни амалга ошириш осон бўлгани йўқ. Фарзандини ўқитиш, уни кундалик ишлардан ортиб, ўқиши учун алоҳида имконият яратиб бераётган ота-она эса ҳақиқий қаҳрамондир.

    Ахир бугунги глобаллашув даврида жамият илм ва салоҳиятга эга бўлган ҳаракатчан ёшларга доимгидан кўра кўпроқ муштоқ. Самарқанд давлат университети ректорининг ташаббуси билан фарзандларининг таълим олишини қўллаб-қувватлаётган ота-оналар рағбатлантириб, маҳаллага, ёшлар эса ўз мактабларига ўрнак сифатида кўрсатилмоқда.

    Ана шундай муҳим тадбирлардан бири СамДУ тарих факультетига давлат гранти асосида қабул қилинган Хушнуд Тоштемировнинг ота-онаси Дилшод Хушвақтов ва Матлуба Усмоноваларнинг хонадонида бўлди.

    Фарзандига ҳозирдан берилаётган алоҳида эътибор ва маҳалла олдидаги бундай эътирофни кўрган Хушнудбекнинг онаси ўз ҳаяжонини яшириб ўтирмади. Ўғлининг ўқишидан мамнунлигини, ҳали унинг орзулари кўплигини ва ўқитувчиларидан миннатдорлигини айтди.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.

Шавкат Акрамов олган суратлар.