СамДУ тадқиқотчиси “Ўзбекистоннинг ТОП-100 лидер ёшлари” сафида...

Самарқанд давлат университети биология факультети докторанти Роза Шукруллозода Зиё Форум томонидан ташкил этилган “Ўзбекистоннинг ТOP-100 лидер талабалари” рўйхатида эътироф этилди. Ушбу рўйхатга илм-фан, спорт ва ижтимоий ҳаётда фаол бўлган ёшлар киритилиб, уларнинг фаолияти ҳақида маълумотлар ёритилган алманах тузилди.
Тадқиқотчи “Самарқанд вилоятида тарқалган маданий лолаларнинг баъзи аждодларини микрокўпайтириш биотехнологияси” мавзусида илмий тадқиқот олиб боради. Шу кунга қадар 10 дан ортиқ мақолалари республика ва халқаро илмий нашрларида чоп этилган. Илмий раҳбари Самарқанд давлат университети профессори, биология фанлари доктори Хислат Ҳайдаров.
-Илмий ишимда Самарқанд вилоятида тарқалган маданий лолаларнинг баъзи аждодларини ин-витро услубида кўпайтириш биотехнологиясини ўрганяпман,-дейди тадқиқотчи. - Тадқиқот объекти сифатида лоланинг 2 -тури танлаб олинган. Ҳозирда ушбу ўсимлик турларини кўпайтириш устида ишлаяпмиз. Тадқиқот ишим бугунги ўсимликлар биологик хилма-хиллигини сақлаш ва ундан барқарор фойдаланишни таъминлаш, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларни ривожлантириш муҳим вазифа ҳисобланган табиий шароитда алоҳида аҳамиятли ҳисобланади. Табиий экологик тизимларнинг таназзулга учраши суръатларини пасайтириш, ҳайвонлар ва ўсимликларнинг камёб ва йўқолиб бораётган турларини қайта тиклаш соҳасидаги халқаро муносабатларни ривожлантиришга қаратилган вазифаларни амалга оширишда муҳим ўрин тутади.
Илм-фанда эришган озми-кўпми ютуқларим натижасида ўтган йили Самарқанд вилояти ҳокими стипендияси совриндори бўлдим. Яқинда Зиё Форум томонидан тузилган “Ўзбекистоннинг ТОП-100 лидер талабалари” алманахи лойиҳаси қаҳрамонларидан бири сифатида кучли 100 таликка киришга муваффақ бўлдим. Ушбу лойиҳа ҳақида grantlar.uz сайти орқали хабар топганимда, қатнашиш истаги пайдо бўлганди. Сўнг керакли маълумотларни тўлдириб, ариза юбордим. Маълум вақт ўтгач, 1500 та аризачилар орасидан 100 топ-лидер талабалар сафига киритилганим ҳақида хабар қилишди. Кейин таълим ва илм-фанни ривожлантириш халқаро фонди – Зиё Форум томонидан ташкил этилган “Ўзбекистоннинг ТОП-100 лидер талабаси” лойиҳаси доирасида ўқув оромгоҳида иштирок этдик. Мазкур алманах Ўзбекистондаги иқтидорли ва фаол талабаларнинг фаолияти, эришган ютуқлари жамланган китобдир. Ундан кўзланган мақсад республиканинг энг иқтидорли талабаларини бирлаштириш, уларнинг фаолиятини қадрлаш ва лойиҳалари рўёбга чиқишида амалий ёрдам кўрсатишдан иборат.
Ирода Бекмуродова,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.