Самарқанд давлат университети филология факультети томонидан ўтказилган ушбу анжуманда “Ўзбек тилининг тараққиёти ва унинг фонетик тизими”, “Тиллар глобаллашуви  ва ўзбек тили амалда бўлишининг айрим жиҳатлари”, “Ўзбек тилининг дунёда ўрганилиши” мавзулари бўйича маъруза қилинди. Шунингдек, “Ўзбек тилим – ўз тилим” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

    - Миллат бор экан, унинг тили ҳам яшайди, тили яшар экан у миллат бошқа миллатлар орасида ўз нуфузи, мартабасига эга бўлади. Ҳар бир халққа ўз тили азиз ва ардоқли- дейди филология факультети декани, профессор Азамат Пардаев. – Юртимизда ўзбек тили байрами кенг миқиёсда нишонланмоқда. Бугун Ўзбек тили - Давлат тили сифатида қабул қилинганлигига 33 йил бўлди. Она тилимизни асраш нафақат ўқитувчиларнинг, балки ҳар бир инсоннинг бурчидир… Буюк маърифатпарвар Абдулла Авлоний айтганидек: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурғон ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак, миллатнинг руҳини йўқотмакдур”. Дунёда олти мингдан ортиқ тил мавжуд бўлса, шундан юзга яқин давлат, тил мақомига эга. Биз учун мустақилликдан олдин, давлат тили мақомини олиш катта бахтдир… Бу меҳнат самарасини авлодларга етказиш бизнинг вазифамиздир. 

    Тадбир давомида “Ёш тилшунос” илмий-ижодий тўгараги аъзоларининг чиқишлари иштирокчиларга ҳавола этилди… 

 

 

Самарқанд давлат университети

         Ахборот хизмати.

Шавкат Акрамов олган суратлар.