Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети сиртқи бўлимининг “Юриспруденция” йўналишига 2021-2022 ўқув йилида чет эл олий таълим муассасаларидан 460 нафар талаба ўқишини кўчириб келган. Уларнинг кўпчилиги имтиҳонлардан (айримлари бир-иккита, баъзилари барча фарқли фанлардан) ўта олмасдан, академик қарздор бўлган. Имтиҳон натижалари таҳлили ушбу талабаларнинг хорижий ОТМ биринчи босқичида талаб даражасида ўқитилмаганини, аксариятининг юриспруденция соҳасининг базавий фанларидан ҳам хабари йўқлигини кўрсатди. Натижада мазкур талабаларнинг кўпчилиги иккинчи босқич фанларини ўзлаштира олмаган.

    2022 йил 28 сентябрь куни СамДУда университет раҳбарияти, Самарқанд вилояти ҳокимининг матбуот котиби М.Мирзаев ва талабалар иштирокида брифинг ўтказилган эди. Брифинг чоғида университет раҳбарияти фарқли фанлар учун ташкил этиладиган дарс машғулотлари учун тўловни бекор қилишга қарор қилганлиги тушунтирилди. Лекин, 2-босқич, яъни 2021-2022 ўқув йилидаги сессиялар давомида имтиҳонлардан “икки” баҳо олган талабалар қайта дарс машғулотларини ташкил этиш учун ўзлаштирилмаган фанларнинг кредитлари миқдорига мос равишда базавий тўлов-контракт миқдоридан келиб чиққан ҳолда тўловни амалга оширишлари зарурлиги ҳам уқтирилди.

    Таъкидлаш керак, бу – Самарқанд давлат университети ўйлаб топган чора-тадбир эмас. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги 824-сон қарори билан тасдиқланган «Олий таълим муассасаларида ўқув жараёнига кредит-модуль тизимини жорий этиш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 8-боб, 41-бандига кўра, академик қарздор талабалар таътил вақтида ёки кейинги семестрлар мобайнида тегишли фанлардан ўзлаштирилмаган кредитлар миқдорига мос равишда базавий тўлов-контракт миқдоридан келиб чиққан ҳолда тўловни амалга оширгандан сўнг ўзлаштирилмаган фанларни қайта ўқиш ҳуқуқи берилган. Баъзи талабалар буни баҳо қўйилмаган имтиҳонлар учун эмас, гўёки олинган имтиҳонлар учун пул тўлаш қабилида тушуниб, ижтимоий тармоқларда ҳам масалани шундай етказишга уринмоқда.

    Ўқишини кўчириб келган сиртқи бўлим “Юриспруденция” йўналишининг аксарият талабалари ушбу ҳолатни тўғри тушуниб, фарқли фанлар бўйича қайта имтиҳон топшираётган айни пайтда, айрим бузғунчи кайфиятдаги талабалар бошқаларни йўлдан уришга, ҳақиқий аҳволдан бехабар шахсларга шикоятбозлик қилиш билан оворалиги ачинарли ҳолдир.

    Самарқанд давлат университети ўқишини кўчирган талабалардан ўрнатилган тартиб-тамойилларга амал қилишга, ижтимоий тармоқларда ҳақиқатга тўғри келмайдиган баландпарвоз сарлавҳали чиқишлардан тийилишга чақиради.