Амалий ишлар даври: СамДУ кимё факультети туркиялик машҳур кимёгар олимлар билан ҳамкорлик қилмоқда…

Самарқанд давлат университети кимё факультетига Туркиянинг Афён Кожатепа университети профессорлари Иброҳим Эрол ва Ўмер Ҳазманлар ташриф буюрди.
Бундан асосий мақсад кимё соҳасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш, СамДУ кимё факультети илмий лабораториялари билан танишиш ва талабаларга таълим беришдир. Шунингдек, кимё факультети магистр ва докторнатларининг илмий ишларини ўрганиш ҳамда грант-лойиҳалар ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришиш ҳам режалаштирилган.
Самарқанд давлат университети кимё соҳасида бир қатор илмий иш ва лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида Туркиянинг Афён Кожатепа университети билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган, - дейди доцент Норйигит Мусулмонов. – Туркиялик профессор ҳамкасбларимиз дунё тан олган энг кучли кимёгар олимлар ҳисобланади. Иброҳим Эролнинг полимерлар кимёси ва Ўмер Ҳазманнинг биоорганик кимё бўйича илмий ишлари Scopus базасига кирувчи h-индекси 23 ва 17 эканлиги ҳам бунинг исботидир. Айни пайтда олимлар Инновацион ривожланиш вазирлиги ва TUBILAK (Туркиянинг илмий тадқиқот лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш маркази) билан ҳамкорликда эълон қилинган грант-лойиҳалар бўйича изланишлар олиб бормоқда…
Маълумот учун, туркиялик профессорлар Иброҳим Эрол ва Ўмер Ҳазман бир йилдан буён СамДУ кимё факультети талабаларига онлайн маърузалар қилиб келмоқда…
Беҳруз Шамсиддинов
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими,
Шавкат Акрамов олган суратлар.