Яйловлардаги муаммолар, уларнинг оқибатлари ва ечимлари тўғрисида
Республикамиз умумий ер майдонининг 47 фоизини (21,1 млн. га) эгаллаган яйловларнинг табиий ўсимликлар қоплами бугунги кунга келиб катта хавф остида қолган, уларнинг майдони тез суръатларда қисқариб бормоқда. Мутахассисларнинг фикрича, сўнгги 25-30 йил давомида республика яйловларининг 50-70 фоизи инқирозга учраган, 11 млн гектар яйловларнинг қайта тикланувчи ем-хашак ҳосил қилиш потенциали издан чиққан ва чорвачилик мақсадларида фойдаланиш учун яроқсиз ҳолатга келган.
Кескинлашиб бораётган иқлим ўзгариши шароитида яйловларнинг инқирозга учраши натижасида мазкур ҳудудлардаги экологик вазият кескинлашган. Бунинг оқибатида қурғоқчилик даражасининг ортиши, тупроқ эрозиясининг кучайиши ва чанг-бўронларнинг ҳосил бўлиш жадаллиги кун сайин ортиб бормоқда. Бундай вазият нафақат ушбу яйлов ҳудудларида истиқомат қилувчи 4 млн аҳолининг, балки республикамизнинг бошқа ҳудудларида истиқомат қилувчи инсонларнинг турмуш тарзи ва саломатлигига жиддий таъсир ўтказади.
Мазкур муаммолар сўнгги йилларда яйловлардан фойдаланиш жараёнида уларнинг хўжалик имкониятлари мутлақо ҳисобга олинмаганлиги, яйловлардан алмашлаб фойдаланишнинг илмий асосланган тартиб-қоидалари ва нормаларига амал қилинмаганлиги оқибатида вужудга келди.
Яйлов ҳудудларидаги ўсимликлар қопламининг бундай тарзда инқирозга учраши қатор хавотирли оқибатларга олиб келади. Жумладан, табиий ўсимликлар қопламининг йўқолиб кетиши натижасида яйловларнинг иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатишдаги потенциали кескин пасайиб боради. Бу эса ушбу ҳудудларда экологик вазиятнинг янада ёмонлашишига олиб келади ва аҳолининг соғлом ҳаёт кечиришига катта салбий таъсир ўтказади. Қолаверса, яйлов инқирози кўламининг йил сайин ортиб бориши ушбу ҳудудда ем-хашак танқислигининг вужудга келишига сабаб бўлади. Оқибатда маҳаллий аҳолининг асосий даромад манбаи ҳисобланган чорвачилик билан шуғулланиш имкониятлари кескин чегараланади.
Шу нуқтаи назардан яйловлар инқирози қатор экологик ва ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг вужудга келишига олиб келади. Ушбу муаммоларни ҳал қилиш билан боғлиқ қатор жиҳатлар ва уларнинг имкониятлари мавжуд.
Яйловларнинг хўжалик имкониятлари, мавжуд табиий озуқа заҳираси ва геоботаник ҳолатининг номаълумлиги соҳани тўғри йўлга қўйишда тўсқинлик қилаётган муаммолардан бири саналади. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, республика даражасидаги сўнгги комплекс геоботаник тадқиқотлар бундан 34 йил илгари амалга оширилган. Бугунги кунга келиб республика яйловларнинг ҳозирги ҳолатини тўлиқ акс эттирадиган аниқ илмий маълумотлар мавжуд эмас.
Яйловларнинг хўжалик потенциалини аниқлаш усуллари ўтган асрнинг 80 йилларда ишлаб чиқилган ва бугунги кунгача яйловларни баҳолаш усуллари такомиллаштирилмаган, айниқса яйловлар деградацияси ва унинг турли босқичларини баҳолашнинг илмий асослари ишлаб чиқилмаган, бу бўйича олиб борилаётган тадқиқотлар ва унга ажратилаётган маблағлар етарли эмас.
Соҳада кадрлар етишмовчилиги катта муаммолардан бири саналади. Республика “Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари Классификатори” да яйлов соҳасига тегишли фақат 1 та бакалавр таълим йўналиши (Ўсимликшунослик (яйлов чўл ўсимликшунослиги) ва 1 та магистратура мутахассислиги (Яйлов фитомелиорацияси) мавжуд бўлиб, йилига республиканинг фақат 2 та ОТМда ушбу соҳа бўйича атиги 31 та квота ажратилади. Жаҳон тажрибасига назар соладиган бўлсак, яйловлар кенг тарқалган АҚШда 1925 йилда 15 та, 2020 йилга келиб эса 25 та университетларда яйлов экологияси ва бошқаруви соҳасида бакалавр, магистр ва фалсафа доктори даражалари бериш тизими йўлга қўйилган.
Яйлов соҳасида мавжуд таълим йўналишлари ва мутахасиссликларининг ўқув режалари ва фан дастурлари эски маълумотлар асосида яратилган ва ҳозирги давр талабларига ҳамда халқаро таълим стандартларига жавоб бермайди. Жаҳонда яйлов илм-фани тараққий этган ривожланган давлатлар, хусусан АҚШ, Австралия, Германия, Исландия каби давлатлардаги таълим технологиялари мамлакатимиз таълим тизимига жорий қилиниши зарур. Мазкур соҳага ихтисослашган алоҳида кафедралар ва факультетлар ташкил этилишига катта эҳтиёж мавжуд.
Соҳани ривожлантириш учун илмий-педагогик кадрлар, айниқса яйловшунос геоботаник олимларнинг етишмаслиги яққол сезилмоқда. Соҳани барқарор ривожлантириш учун ушбу соҳадаги малакали мутахассислар тайёрлаш кўрсаткичлари кейинги йилларда кескин оширилиши зарур.
Соҳа ривожига тўсқинлик қилаётган яна бир оғир муаммолардан бири, бу – яйловларни бошқаришга масъул бўлган юқори ташкилотлардан бошлаб то қуйи поғоналаргача соҳага тегишли иш ўринларининг мавжуд эмаслиги. Жойларда яйловлардан фойдаланиш тизимини тартибга соладиган ва уни назорат қиладиган мутахассислар учун иш ўринларининг яратилиши галдаги кечиктириб бўлмас вазифа сифатида қаралиши лозим.
Яйловлардан фойдаланишда рухсат берилган нормаларга амал қилиш ва яйловлардан фойдаланиш тизимини қатъий назорат қилиш мақсадида республикамизда яйловлар бошқарувининг қонуний ва ҳуқуқий-меъёрий асослари кучайтирилиши зарур.
Тошпўлат Ражабов,
Самарқанд давлат университети
Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти директори