Анжуманни Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродов кириш сўз билан очди.

    Нуфузли анжуманда республика олий таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот институтлари, 20 га яқин мамлакатларнинг нуфузли илмий марказлари ва университетлари: АҚШнинг Невада университети, Япониянинг Тоттори ва Киото университетлари, Исландия қишлоқ хўжалиги университети, Германиянинг Росток университети, Хитой фанлар академияси, Венгриянинг Сегед университети ҳамда Ботаника ва экология институти, Монголия табиий фанлар университети, Белград университети ва Россиянинг Москва давлат университетлари олимлари иштирок этди. 

    Дунё бўйлаб кечаётган глобал иқлим ўзгариши билан боғлиқ бугунги мураккаб шароитда инсонлар ҳаёти учун бирламчи бўлган барқарор экологик муҳитни таъминлаш асосий масала саналади. Ушбу долзарб ҳаётий вазифани тўлақонли амалга оширишда ва соҳани изчил ривожлантиришда замонавий илм-фан ютуқларини жорий этиш, халқаро майдонда тажриба алмашиш, глобал муаммоларга ечим топишда мавжуд имкониятларни бирлаштирган ҳолда якдил ҳаракат қилиш муҳим ҳисобланади. Анжуман давомида сўзга чиққанлар мазкур конференция Марказий Осиё ҳудудлари учун муҳим бўлган соҳа – яйлов экологияси ва улардан фойдаланиш тизимини ривожлантиришда янги давр очишини алоҳида таъкидлади.

    - Ҳозирги глобал шароитда инсон эҳтиёжларининг ҳар нарсадан устун қўйиб келиниши табиатга ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди, - дейди Япониянинг Тоттори университети қошидаги Қурғоқчил минтақалар тадқиқотлари халқаро платформаси профессори Кристина Тодерич, - Кўпчилик наздида яйлов ҳудудлари жамият ҳаёти учун аҳамияти паст омиллар қаторида баҳоланади. Аммо, Марказий Осиё ҳудудларининг кўп қисми яйловлардан иборат эканлигини инобатга олсак, ушбу ҳудудлар аҳолиси турмуш тарзи бевосита яйловларга боғланганлигини кўрамиз. Бугунги кунда яйловлар ва улардаги табиий ресурслардан фойдаланиш, уларни бошқариш ва назорат қилиш тизимининг издан чиқиши оқибатида бир қанча муаммолар юзага келмоқда. Бу каби ҳолатларни камайтириш учун амалга оширилаётган чора-тадбирлар етарлича самара бермаяпти. Конференция ташкилий жараёнлари давомида Ўзбекистон яйловлари ҳолати билан танишиб чиқдик. Кузатишларимиз шуни кўрсатдики, Ўзбекистон ҳудудида инсон омили таъсирига учрамаган бирорта яйлов йўқ. Бу ҳолат яйловлардан фойдаланиш тизимида муаммолар борлигини кўрсатади. Анжуманнинг учинчи кунида бевосита Самарқанд яйловларида дала семинарлари ўтказилиши режалаштирилган. Мазкур семинарлар давомида айнан шу масала бўйича якдил ечим топиш, халқаро миқёсда тажриба алмашиш имконияти юзага келади.

    Халқаро конференцияда Марказий Осиё мамлакатларида яйловларни бошқаришни халқаро тажрибалар асосида такомиллаштириш, соҳадаги хорижий ва маҳаллий олимлар, мутахассислар ўртасида билим ва тажриба алмашишга йўналтирилган фикр ва таклифларни илмий асосланган ишланмалар ва синовдан ўтган тажрибалар асосида амалга ошириш бўйича бир қатор масалаларда ҳамкорлик битимлари муҳокама қилинди. Ўзаро муҳокамалар натижасига кўра, Самарқанд давлат университети АҚШ нинг Невада университети ҳамда Республика яйлов хўжалигини ривожлантириш уюшмаси билан ҳамкорлик шартномасини имзолади.

Ирода Бекмуродова,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.