Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро П.Рахматованинг 2022 йил 23 ноябрда фейсбук тармоғидаги “Я-Самаркандец” гуруҳига Самарқанд давлат университети ҳудудида амалга оширилаётган қурилиш-монтаж ишларидан норози бўлиб йўллаган мурожаати бўйича қуйидагилар маълум қилинади.

    Ушбу мурожаатда кўрсатилган ҳудуд Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2014 йил 28 апрелдаги №585-сонли қарорига асосан Самарқанд давлат университетига берилган бўлиб, 2014 йил 3 декабрда Самарқанд шаҳар ер тузиш ва кучмас мулк кадастр хизмати давлат унитар корхонаси томонидан
 № 14:16:01:06:01:0091:0001-сонли рақам билан рўйхатга олинган.

    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  “Самарқанд давлат университети фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 24 июлдаги 571-сонли қарори ҳамда Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетининг Кузатув кенгаши томонидан 2022 йил 16 февралдаги 1-сонли йиғилиш баёнининг 7-бандига асосан хорижий профессор ўқитувчиларга зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида 70  ўринли хизмат уйи қурилиши тасдиқланган.

    Самарқанд шаҳар университет xиёбони 15 уй манзилида қурилаётган уч қаватли хорижий ўқитувчи ва талабалар турар жой биноси қурилиши объекти бўйича Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2021 йил 7 февралдаги 77-Q-сонли қурилишга рухсат бериш тўғрисидаги қарори олинган бўлиб, вилоят қурилиш Бош бошқармаси ҳузуридаги “Архитектура ва шаҳарсозлик Кенгаши”нинг 2021 йил 30 мартдаги  №30-сонли баённомасига асосан лойиҳа таклифи маъқулланган. Шунингдек, лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази ДУК нинг 2022 йил 23 августдаги №45/01-00/1-6146-сонли хулосаси олинган. Қурилиш соҳасида электрон давлат харидларини ўтказиш платформаси tender.mc.uz сайти орқали 2022 йил 28 сентябрда №16916-сонли баёнига асосан пудрат ташкилоти аниқланган. Қурилиш-монтаж ишлари бошлаш учун Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциясидан  рўйхатдан ўтказилган.

    Бугунги кунда қурилиш-монтаж ишлари Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетига қонуний тегишли бўлган ҳудудда амалга оширилмоқда.

    Мурожаатчининг шаҳар архитектура хулосалари сўралганда тақдим этмаганлиги ва университет билан келишмасдан ўзбошимчалик билан университет ҳудудига қаратиб эшик ва дераза-ромлар ўрнатганлиги аниқланган. Ушбу фуқарога университетнинг хавфсизлик нуқтаи назаридан мазкур ҳудуддан йўл берилмаслиги тўғрисида бир неча бор оғзаки огоҳлантиришлар берилган.  

    Шу ўринда бир мулоҳаза халқимиз азал-азалдан мактаб, мадраса, шифохона, университетлар қурилишини чин дилидан қўллаб-қувватлаган. Ҳаттоки, бундай савобли иншоотлар қурилишида ҳашарлар уюштирилиб, кўмаклашган. Чунки, бу бунёдкорликлар бир-икки шахсга эмас, балки халқимизга, келгуси авлодларга ҳам хизмат қилади. Бундан қувониб, хурсанд бўлиш ўрнига аксинча, халақит бериш, шикоятбозлик қилиш, мутлақо ярашмайди.

    Эртага мана шу хизмат уйи битса, бугунги кунда университетимизда фаолият кўрсатаётган юзлаб хорижий мутахассислар ёнига яна кўплаб олимлар қўшилади. Бунинг натижасида таълим сифати ошади. Замонавий кадрлар тайёрлаш имконияти кенгаяди. Бугунги кунда СамДУ дунёнинг икки юздан ортиқ, олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Демак, ўз-ўзидан мана шундай хизмат уйига эҳтиёж ва талаб кундан-кунга ортиб бориши табиий.

Қуйида асословчи ҳужжат ва қарорлар илова қилинмоқда:

Самарқанд шаҳар ҳокимининг қарори

Қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун объект рўйхатдан ўтказилганлиги ҳақида кўчирма

Ҳудуднинг топологик харитаси

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.