Маймунжон озуқабоп, доривор ва манзарали ўсимлик бўлиб, меваси таркибида шифобахш витаминлар, антиоксидантлар ва минераллар мавжуд. Ушбу ўсимлик қадимдан халқ табобати ва медицинада кенг фойдаланиб келинган. Доривор ва озиқабоп ўсимликлардан фойдаланиш хомашёсини йиғиш усулларини ишлаб чиқиш, юқори сифатли хомашё олиш, табиий доривор ўсимликларнинг заҳираларидан оқилона фойдаланиш ва популяцияларини қайта тикланиш чора тадбирларини ишлаб чиқиш муҳим ҳисобланади.

    Ўзбекистонда маймунжон доривор ва озуқабоп ўсимлик ҳисобланади. Аммо унинг пояларида кўп миқдорда тиканларнинг бўлиши  ҳосилни йиғиб олишда баъзи бир қийинчиликларга сабаб бўлади.

    Маймунжон меваларининг таркибида шакарлар, органик кислоталар, пектин моддалари, А, С, Б, ПП, витаминлари ва каротин учрайди. Илдизпоя, барглари, гуллари ва мевалари тиббиётда ишлатилади. Масалан, ошқозон-ичак, атероциклероз, гипертония, гастрит, диабет ва иммунитетни мустаҳкамлашда фойдаланилади. Бундан ташқари у қуйидаги чанқоқни бостириб ҳароратни туширади. Касалликлардан сўнг организмни тикланишига ёрдам беради. Ошқозон-ичак тизимининг фаолиятини яхшилайди. Асаб тизимини мустаҳкамлайди ва хотиржам ухлашга ёрдам беради. Шунингдек, фикрлаш қобилиятини ва хотирани мустаҳкамлайди. Маймунжон ўзида кўпгина антиоксидантларни сақлаши сабабли ҳам организмдан заҳарли моддаларни чиқариб ташлайди. Маймунжон калорияси кам бўлишига қарамай тўқлик ҳиссини узоқ вақтгача сақлаб туради. Шунинг учун ҳам ушбу ўсимлик вазн йўқотиш хусусиятига эга. Меваларининг таркибида муҳим биокимовий компонентлар бўлиши туфайли, улардан мураббо, джем, желе, шарбат тайёрланади.

    Маълумот учун, ер юзида маймунжоннинг 200 дан ортиқ тури мавжуд.  Ўзбекистон флорасида 4  тури учрайди. Самарқанд вилояти шароитида маймунжон ёввойи ҳолатда кўпинча дарё қирғоқларида баъзи турлари тоғолди минтақаларида ўсади. Охирги йилларда бу ўсимликнинг навлари дала томорқа ва боғларда ўстирилмоқда…

Ноила Жумақулова

Самарқанд давлат университети

ўсимликлар физиологияси ва микробиология кафедраси докторанти.