Самарқанд давлат университетида “Озиқ-овқат хавфсизлиги: Глобал ва миллий муаммолар” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди…
Нуфузли анжуман доирасида хорижлик олимлар СамДУ Биокимё институти кампуси ва озиқ-овқат ярмаркаси билан танишди.
Халқаро конференция БМТ озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ўтказилди. Анжуманда АҚШ, Россия, Италия, Исландия, Покистон, Қозоғистон, Тожикистон каби давлатлардан 40 га яқин хорижлик олимлар иштирок этди. Шунингдек, республикамизнинг 50 дан ортиқ соҳага оид ташкилотларидан 200 га яқин мутахассислар озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича маърузалари билан қатнашди.
АҚШ нинг Гарвард университети профессори Рафаэл Кушак, ВетВитлес ЛЛС компанияси директори, академик Эфроим Гурман, Италиянинг Болонья университети профессори Жанлукка Аллегро, Россиянинг Олтой университети профессори Роман Якоблев, Покистоннинг Қуаиди-Аъзам университети профессори Муҳаммад Зафар, Санкт-Петербург политехника университети биотиббиёт тизимлари ва биотехнологиялари институти, Биотехнология ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш олий мактаби директори, профессор Юлия Базарнова, Уфа фан ва технологиялар университети профессори Мая Ишмуратова, Қозоғистоннинг Евроосиё Миллий университети ҳужайра биологияси ва биотехнология институти директори, академик, Раҳметкажи Берсимбай, Тожикистон педагогика университети профессори Тоҳиржон Сатторов, академик Бакриддин Зарипов, Ўзбекистон Фанлар академияси Микробиология институти директори, профессор Қаҳрамон Давронов, Қарши давлат университети профессори Шониёз Қурбонов ва бошқалар озиқ-овқат хавфсизлиги ва унинг долзарб муаммолари ҳақида фикр-мулоҳаза билдирди.
Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов анжуманни кириш сўзи билан очди:
Кейинги йилларда озиқ-овқат хавфсизлиги жаҳон ҳамжамияти олдидаги энг долзарб масалалардан бирига айланди. Иқлимнинг кескин ўзгариши натижасида рўй бераётган табиий офатлар, сув тақчиллиги, қурғоқчилик каби омиллар таъсири вазият янада мураккаблашишига олиб келмоқда. Натижада жаҳон бозорида озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кескин кўтарилиш тенденцияси кузатилмоқда. Ҳолат соҳани янги инновацион технологиялар ҳамда илмий ютуқларни қўллаш орқали янада ривожлантиришни тақозо этмоқда.
Ушбу муҳим масалани атрофлича ўрганиш ҳамда бу борада жаҳоннинг етакчи мамлакатларида тўпланган бой тажрибани республикамиз миқёсида оммалаштириш мақсадида Самарқанд давлат университетида, анъанавий тарзда “Озиқ-овқат хавфсизлиги: Глобал ва миллий муаммолар” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Бакриддин Зарипов, Самарқанд давлат университети профессори, академик:
Сўнгги йилларда аграр соҳада мисли кўринмаган ислоҳотлар даври бўлди, ўз вақтида қабул қилинган қарорлар мамлакатимизга қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни сезиларли ошириш эвазига улкан тараққиётга эришиш, ҳамда Ўзбекистоннинг экспорт потенциалини ошириш ва жаҳон бозорларида унинг мавқеини ошириш имконини берди. Ҳозирги кунда глобаллашув шароитларида озиқ-овқат хавфсизлигини бир мамлакат доирасида амалга ошириш мумкин эмас, ушбу мақсадга эришиш учун тизимлаштирилган кенг кўламли тадбирлар ўтказиш лозим. Бу ислоҳотларда Самарқанд давлат университети республикамиздаги ўзига хос илмий салоҳиятга эга бўлган етакчи олий таълим муассасаларидан бири сифатида иштирок этмоқда.
Рахметкажи Берсимбай, Қозоғистоннинг Евроосиё Миллий университети ҳужайра биологияси ва биотехнология институти директори, академик:
Мазкур анжуманда “Ўсимликларнинг ҳужайра даражасида шўрланишга чидамлилигини оширишда генлар экспрессияни бошқариш ва ТОР-сигнал тизимининг аҳамияти” мавзусидаги маъруза билан иштирок этяпман. Ҳозирги кунда қишлоқ хўжалиги учун абиотик стресслар орасида шўрланиш масаласи асосий муаммолардан ҳисобланади. Тупроқда туз миқдорининг ошиб кетиши ўсимликларнинг сувни шимиб олиш қобилиятини пасайтиради, ўсимликларда тўпланган натрий ва хлор ионлари ўсимликнинг ўсиши, моддалар алмашинуви ва фотосинтез жараёнига салбий таъсир кўрсатади. Тупроқнинг ифлосланиши муаммоси дунё бўйлаб кўпгина минтақаларга хавф солмоқда. БМТ нинг ҳисоб-китобига кўра, дунё бўйича экин майдонларининг 20 фоизга яқин қисми тупроқнинг таркибида шўрланиш муаммосидан азият чекади. Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда суғориладиган ерларда шўрланиш мавжуд. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг (ФАО) маълумотларига кўра, Қорақалпоғистон Республикасида бу кўрсаткич юқори. Тупроқдаги сувда эрувчан тузларнинг юқори концентрацияси ўсимликларнинг ўсишига салбий таъсир кўрсатади ва уларнинг маҳсулдорлигини пасайтиради. Бу эса озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида муаммонинг қанчалик долзарб эканлигини кўрсатади ва ҳозирги кунда тез-тез қўлланиладиган ген инженерияси тадқиқотларидан фойдаланишни тақозо этади. Ўсимлик ҳужайраларини шўрланиш натижасида келиб чиғадиган стресс ҳолатидан ҳимоя қилишнинг муҳим механизмларидан бири генларнинг таъсирчанлигини бошқариш усули ҳисобланади…
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати,
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.