Самарқанд давлат университетида “Мирзо Улуғбек: Буюк қомусий олим ва машҳур давлат арбоби” мавзусида халқаро конференция ўтказилди…
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қарорига кўра, юртимизда буюк қомусий олим ва машҳур давлат арбоби Мирзо Улуғбек таваллудининг 630 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Самарқанд давлат университети томонидан ташкил этилган мазкур анжуман қатнашчилари дастлаб Мирзо Улуғбек расадхонасида бўлиб, улуғ аллома ҳайкали пойига гуллар қўйди.
Анжуманда АҚШ, Россия, Хитой, Канада, Франция, Туркия, Корея, Эрон каби давлатлардан 40 га яқин олимлар ва тадқиқотчилар иштирок этди.
Халқаро конференция Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Рустам Холмуродов, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг ўринбосари Отабек Махкамов, Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, Самарқанд вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Хусен Тўхтаев, ЎзР ФА Астрономия институти директори, академик Шухрат Эгамбердиев, Франциядаги Темурийлар жамияти президенти Фредериқуэ Брессандларнинг маърузалари билан очилди…
Анжуман давомида Мирзо Улуғбекнинг Зижи жадиди Кўрагоний ҳамда Тўрт улус тарихи номли асарлари тақдимоти ўтказилди.
Тадбир Шарқ астрономиясида ҳомийлик ва ҳомийлар ҳамда Мирзо Улуғбек даврида илмий ва маданий ҳаёт каби шўъбаларга бўлинган ҳолда давом этди.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати,
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.