Қорақалпоғистонлик журналистлар Самарқанд давлат университетида
Самарқанд давлат университетига Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Аппарати ахборот бўлими бошлиғи Азамат Ажимуратов бошчилигидаги бир қатор журналист ва оммавий ахборот воситалари ходимлари ташриф буюрди.
Бундан асосий мақсад махсус квота асосида талабаликка қабул қилинган қорақалпоғистонлик ёшлар ҳолидан хабар олиш, уларнинг ўқиш, яшаш, дам олиш, спорт билан шуғулланиши учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишишдир.
Меҳмонлар Самарқанд давлат университети ўқув хоналари, кутубхона, лаборатория, оранжерия, ётоқхона, маърузалар зали, Биокимё институти кампуси, зоология музейида бўлишди. Биология, кимё, биотехнология йўналишида таҳсил олаётган бир қатор талабалар билан мулоқот қилишди. Уларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглашди. Қорақалпоғистонлик ёшларга ўқиш ва изланишларда омад тилашди.
Қорақалпоғистонлик ОАВ ходимлари СамДУ даги шароит ва имкониятларга юқори баҳо беришди. Бу даргоҳда бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан талабалар таҳсил олмоқда. Шунингдек, хориждан келиб ўқиётганлар ҳам бор. Мақсад ўқиш ва билим олиш. Келажакда яхши мутахассис бўлиб етишиш...
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.