Самарқанд давлат университетида “Озиқ-овқат хавфсизлиги: Глобал ва миллий муаммолар” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди…
Халқаро анжуман БМТ озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ўтказилди. Конференцияда АҚШ, Россия, Италия, Исландия, Покистон, Қозоғистон, Тожикистон каби давлатлардан 30 дан ортиқ хорижлик олимлар иштирок этди. Шунингдек, республикамизнинг 50 га яқин соҳага оид ташкилотларидан 200 дан ортиқ мутахассислар озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича маърузалари билан қатнашди.
АҚШнинг Колорадо университети профессори Ожима Денис, Сербиянинг Белград университети профессори Драгана Ранделович, Италиянинг Болонья университети профессори Даниело Алберони, Покистоннинг Қуаиди-Аъзам университети профессори Муҳаммад Зафар, Россия ФА Эндокринология илмий текшириш институти Виварий лабораторияси мудири Егор Ивлев, Москва давлат университети олимлари Екатерина Кушнер, Максим Ловат, Новасибирск давлат техника университети олимлари Екатерина Литвинова, Виктория Бес, Полина Дубовская, Саейди Арсалан, Уфа фан ва технологиялар университети профессори Мая Ишмуратова, Қирғизистоннинг Ўш давлат университети профессори Таасилкан Жумабаева, Тожикистон Педагогика университети профессори Тоҳиржон Сатторов, академик Бакриддин Зарипов, ҚарДУ профессори Шониёз Қурбонов, Халқаро молекуляр аллергалогия маркази директорининг ўринбосари профессор Гулнора Жамбекова ва бошқалар озиқ-овқат хавфсизлиги ва унинг долзарб муаммолари ҳақида фикр-мулоҳаза билдирди.
Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов анжуманни кириш сўзи билан очди:
- Кейинги йилларда озиқ-овқат хавфсизлиги жаҳон ҳамжамияти олдидаги энг долзарб масалалардан бирига айланди. Иқлимнинг кескин ўзгариши натижасида рўй бераётган табиий офатлар, сув тақчиллиги, қурғоқчилик каби омиллар таъсири вазият мураккаблашишига олиб келмоқда. Натижада жаҳон бозорида озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кескин кўтарилиш тенденцияси кузатилмоқда. Ҳолат соҳани янги инновацион технологиялар ҳамда илмий ютуқларни қўллаш орқали янада ривожлантиришни тақозо этмоқда. Ушбу муҳим масалани атрофлича ўрганиш ҳамда бу борада жаҳоннинг етакчи мамлакатларида тўпланган бой тажрибани республикамиз миқёсида оммалаштириш мақсадида Самарқанд давлат университетида, анъанавий тарзда “Озиқ-овқат хавфсизлиги: Глобал ва миллий муаммолар” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилиб келинмоқда.
Бакриддин Зарипов, Ўзбекистон Миллий университети профессори, Жаҳон физиологлар жамияти (Стокголм) академиги:
- Сўнгги йилларда аграр соҳада мисли кўринмаган ислоҳотлар даври бўлди. Ўз вақтида қабул қилинган қарорлар мамлакатимизга қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ошириш эвазига улкан тараққиётга эришиш, ҳамда Ўзбекистоннинг экспорт потенциалини ошириш ва жаҳон бозорларида унинг мавқеини ошириш имконини берди. Ҳозирги кунда озиқ-овқат хавфсизлигини бир мамлакат доирасида таъминлаш мумкин эмас. Ушбу мақсадга эришиш учун тизимлаштирилган кенг кўламли тадбирлар ўтказиш лозим. Бу ислоҳотларда Самарқанд давлат университети етакчи олий таълим муассасаларидан бири сифатида иштирок этмоқда.
Мая Ишмуратова, Уфа фан ва технологиялар университети профессори:
- Бугунги кунда дунёда ноёб ва дориворлик хусусиятига эга турларнинг генофондини сақлаш, муҳофаза қилишга катта эътибор қаратилмоқда. Айниқса, инсонлар ҳаёти учун муҳим ҳисобланган доривор ўсимликларнинг генетик ресурсларини бойитиш, табиатдаги заҳираларини сақлаб қолиш муҳим аҳамият касб этади. Табиатда ёввойи ҳолда ўсувчи кўпгина мевали ва резавор ўсимликларнинг мевасида нафақат витаминлар ва биологик фаол моддалар, балки антиоксидантлар манбаи ҳам ҳисобланади. Табиий озиқ-овқат маҳсулотларининг таркибидаги антиоксидантлар бизнинг кундалик ҳаётимизда муҳим аҳамиятга эга биологик фаол моддалар ҳисобланади. Чунки, улар организмда эркин радикаллар келтириб чиқарадиган зарарларни олдини олиш хусусиятига эга. Ушбу юқори реактив молекулалар ҳужайралар ва ДНКга зарар етказадиган оксидловчи стрессни келтириб чиқариши мумкин. Озиқ-овқат маҳсулотларига табиий антиоксидантларни қўшиш орқали ишлаб чиқарувчилар уларнинг сақлаш муддатини узайтириши, сифатини сақлаб қолиши ва ҳатто таъми ва рангини яхшилаши мумкин.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.