“Илм берган шараф ҳамда муваффақиятнинг роҳати гўзал ва барҳаёт...”

Самарқанд давлат университети география-экология факультети экология ва ҳаёт фаолияти хавфсизлиги кафедраси доценти Лейля Белялова билан суҳбат
Лейля Белялова, биология фанлари номзоди, Самарқанд давлат университети экология ва ҳаёт фаолияти хавфсизлиги кафедраси доценти, Зарафшон давлат қўриқхонаси катта илмий ходими, Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (IUCN) ишчи гуруҳи аъзоси. 2018-йилда ББС томонидан тузилган “Дунёнинг энг нуфузли 100 аёли” рўйхатига киритилган.
- Илм соҳасини танлашингизга асосий сабаб нима ва ҳозирги кунда қайси мавзуда илмий фаолият олиб боряпсиз?
- Болалигимда шифокор бўлишни орзу қилардим. Аммо кейин биология соҳасига қизиқишим ортди ва биология факультетига ўқишга кирдим. Бизга Сагитов Абдулла Киямович дарс берарди. Устоз бизни турли илмий экспедицияларга, амалиётларга олиб борар, ана шундай тажрибаларда иштирок этиб, уларнинг сабоқларини тинглаб фанга қизиқишим тобора ортиб борди. Асосий илмий фаолиятим орнитология, яъни қушларни ўрганиш.
Дунёнинг кўплаб мамлакатларида қушлар ҳаёти ва экологиясини ўрганиш учун орнитологик ҳудудлар ташкил қилинган, уларда қушлар ҳаётини илмий тадқиқ қилиш ишлари амалга оширилади. Юртимизда ҳам мана шундай ҳудудлар барпо этишга эҳтиёж бор. Шунинг учун Ўзбекистонда орнитологик ҳудудлар барпо этиш бўйича Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқига ташаббус билан чиқдим. Шундан сўнг иттифоқ кўмагида “Ўзбекистоннинг энг муҳим орнитологик ҳудудлари” халқаро лойиҳаси ташкил этилди ва унга Ўзбекистондаги экологик дастурлар координатори этиб тайинландим. Ушбу лойиҳанинг мақсади қушларнинг яшаш жойларини аниқлаш, уларнинг тарқалиши, қишлаш жойлари, озуқа манбаини тадқиқ этиш, камайиб бораётган қушлар популяцияси сабабларини ўрганиш, қушларни муҳофаза қилишдан иборат. Лойиҳага ёш тадқиқотчиларни жалб этиш мақсадила бешта талабалар клуби ташкил этилди. Бу клублардан бири “Фламинго” га раҳбар этиб тайинладим. Шунингдек, “Зарафшон” экологик ташкилотида раис ўринбосари, “Ўзбекистон экофорум экоташкилоти”да конференциялар ўтказиш бўйича тайёргарлик комиссияси аъзоси бўлиб ҳам ишлаганман. Бир нечта халқаро ва маҳаллий экологик ташкилотларда фаолият олиб бордим. У ердаги раҳбарлик фаолиятим давомида бир қанча илмий, таълимий экологик дастурлар ишлаб чиқдик. Хусусан, “Ўзбекистон асосий экотизимларининг биохилма-хиллигини сақлаш ва барқарор фойдаланиш механизмларини ишлаб чиқиш”, “Ногиронлиги бўлган болаларни экологик маданий тадбирлар орқали жамият билан интеграциялаш”, “Замонавий шаҳарда қаттиқ маиший чиқиндилар муаммолари ва уларни ҳал этиш йўллари”, “Ўзбекистонда жамоатчилик экологик назорати соҳасида экологик нодавлат нотижорат ташкилотларининг касбий даражасини ошириш”, “Қишлоқ аҳолиси саломатлиги учун зарур доривор ўсимликлар” каби лойиҳалар шулар жумласидандир.
Шу билан бир қаторда, Ғарбий Тян-Шан тизмасининг орнитологик биохилма-хиллигини сақлаш бўйича Марказий Осиё трансчегаравий лойиҳаси, “Халқаро сув ва ботқоқлик қушларини рўйхатга олиш – ер юзидаги энг йирик биологик хилма-хиллик мониторинг дастури” “Бутунжаҳон экологик акцияси”, “Sprig alive”, “World Migratory day” каби халқаро дастурларда ҳам қатнашдим. Германия, Қозоғистон, Тожикистон каби давлатларда малака ошириш бўйича тренинглар ва ўқув семинарларида иштирок этдим. 2017-йилда “Birdlife International” халқаро табиатни муҳофаза қилиш ташкилоти томонидан “Nature Hero’s” (Табиат қаҳрамони) халқаро мукофотига лойиқ кўрилдим. 2018-йилда “Йил аёли” Республика танловида 3-ўринни қўлга киритдим. Худди шу йили ББС талқини бўйича “Дунёнинг энг нуфузли 100 аёли” рўйхатига киритилдим. Ушбу рўйхатга киришим мен учун жуда кутилмаган воқеа бўлди.
- Катта йўл остонасида турган одамга бир қадам кифоя қилади. Илк қадамингиз ҳақида нималар дея оласиз?
- Бакалавриатни тугатишда ёзган “Ўзбекистонда қушлар тарқалиши ва экологияси” мавзусидаги диплом ишим эълон қилинган заҳоти дунёнинг нуфузли илмий журналида босилгач, ўзимга бўлган ишончим яна бир карра мустаҳкамланди. Ўз олдимга бундан ҳам юксак мақсадлар қўйиб, улар томон дадил ҳаракат қилишни бошладим. Бу йўлда устозларимнинг сабоқлари, маслаҳатлари, кўрсатган йўл-йўриқлари билан бугунги муваффақиятларим пойдеворини қўйдим.
- Аёл кишига ҳаётда ўз ўрнини топа олиши учун керак бўлган асосий омил?
- Ҳаётда ўз ўрнини топишда, аввало, мақсад ва унга қатъият билан қилинган ҳаракат бўлиши керак. Яна бир нарсани алоҳида таъкидлашим жоизки, аёл киши ҳамиша қўллаб қувватланишга муҳтож бўлади. Шунинг учун ҳар қайси ҳолатда бўлмасин, уни қўллаб-қувватлаш шарт.
- Шогирдларингиз борми? Шогирд танлашда қандай талаб ва мезонлар қўясиз?
- Шогирдларим кўп. Талабалар клубидаги ҳар бир талаба менинг шогирдим. Улардан кўпчилиги айни пайтда илмий тадқиқот ишларини давом эттиришмоқда. Айримлари Зоология институтида илмий ходим бўлиб ишлайди. Шогирдларимнинг ҳар бирини ўз фарзандимдай кўраман. Улар ҳар доим менга таянч бўлишади. Шогирд танлашда қатъий талабларим йўқ. Ўзига нисбатан ишончи бўлган зийрак талабалар билан қийналмай ишлайман.
- Бирор масалада шогирдларингиздан ўрганган пайтингиз бўлганми?
- Албатта бундай ҳолат менда кўп бўлган. Мен шогирдларимнинг ҳар биридан ниманидир ўрганишга ҳаракат қиламан.
- Армонингиз борми?
- Армоним бор. Мен бутун ҳаётимда нимагадир эришиш учун нимадандир воз кечиш керак, деган йўналишда яшадим ва бу йўлда муҳим нарсаларни бой бердим. Аммо энди билдимки, инсон ҳаётдаги барча вазифаларини баравар олиб бориш керак экан.
- Аёллар албатта ўқиши керак бўлган учта китоб.
- Албатта ҳамманинг ўз қизиқишлари бўлади. Мен “айнан бу китобни ўқинг” деёлмайман. Аммо ўқиган китобларим орасидан ўзимга ёққанларини айтиб беришим мумкин.
- Дейл Карнегининг барча асарлари
- Маргарет Митчел “Шамолларда қолган ҳисларим”
- Эртаклар. Ҳар бир аёл, ҳар бир она албатта эртак ўқиши керак. Уларда ҳикмат кўп. Яхшигина ибрат олса бўлади.
Охирги марта қачон йиғладингиз?
- Яқинда “Ромео ва Жулетта” филмининг янги вариантини кўрдим. Ўша пайтда йиғладим.
- Бу ҳаётдан излаганларингизни топа олдингизми?
- Илмда топилиши керак бўлган нарсалар жуда кўп. Шунинг учун ҳамон изланиб яшайман. Ҳаётда эса ниманидир излаб яшаш керак эмас, деган фикрдаман. Инсонлар ҳамиша ниманидир қидиргани-қидирган. Яхши иши, оиласи, уй-жойи бўлса-да, нимадир етишмаётгандек туйилиб, ўша нарсани топиш истаги билан яшашади. Бу истак уларга ҳеч ҳаловат бермайди. Бу нотўғри нарса. Мен ҳаётимда бирор нарсанинг кетидан қувиб яшамайман. Умр инсонга бир марта бериладиган неъмат. Биз одамлар эса бутун умр мол-давлат, шон-шуҳрат йиғиш билан банд бўлиб, яшашнинг асл мазмунини унутиб қўймоқдамиз. Кимга қандай билмадиму, мен учун инсондан қоладиган хотира ва таассурот биринчи ўринда туради. Шунинг учун бўш вақтимни яқинларимни зиёрат қилишга, дунёнинг турли мамлакатларига саёҳат қилишга сарфлайман. Опа-сингилларим турли давлатларда яшайди. Ҳар йили уларни кўришга бориб тураман.
- Ўтган умрингиз давомида олдингизга қўйган барча мақсадларингизга эриша олдингизми, нималарга улгура олмадингиз?
- Мақсадларимнинг барчасига эриша олдим деёлмайман. Аммо бугунги эришганларим жамиятда ўз ўрнимни топишимга йўл очди. Улгура олмаган орзуларимга келсак, кўпроқ саёҳат қилишни яхши кўрганим боис, Австралия ва Америкага бориш, у ернинг ноёб табиатини ўрганиш билан боғлиқ мақсадимга ҳали эриша олганим йўқ.
- Ўз-ўзига ёмонлик қилиш деганда нимани тушунасиз?
Вақтни қадрламаслик – ўз-ўзига ёмонлик қилиш. Ҳамма нарсани қайтариш мумкин, аммо вақтни ортга қайтариб бўлмайди.
- Ҳаётни тасвирлаб бериш керак бўлса, уни нимага ўхшатган бўлардингиз?
Менимча ҳаёт қийинчиликларни енгишдан иборат қизиқарли саёҳат.
- Илм-фан йўлидан кетиш умидида бўлган хотин-қизларга, ёш аёл тадқиқотчиларга қандай маслаҳат ва тавсиялар берган бўлардингиз?
- Илм йўлида турган одамга биринчи ўринда мақсад қўйиш муҳим. Илмий иш билан ҳаётни баравар олиб боришни билиши керак. Шахсий ҳаётни деб ишни, иш деб шахсий ҳаётни ташлаб қўймаслик керак. Ҳозир олима аёллар учун жуда катта имкониятлар бор. Шундай қилиш керакки, илмингиз ҳаётга, маиший ишлар илмга халақит бермасин. Фарзандлар азият чекмасин. Тўғри, бу йўлда қийинчилик бўлиши табиий. Шахсан ўзим шу кунгача жуда кўп қийинчиликларга дуч келганман. Аммо илм-фан – бу менинг ҳаётим. Унга умримни бағишладим. Демак, унинг машаққатларига бардош беришга мажбурман. Руҳимни ҳам бунга тайёрлаб келаман. Биласиз, илмий экспедициялар юзасидан жуда кўп жойларга боришга тўғри келади. Менинг соҳам тоғ тизмалари табиати билан боғлиқ бўлганлиги учун, Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида кўп бўлганман. Бир гал университетнинг битирувчи курс талабалари билан Жиззахга экспедицияга бордик. Тоғлар орасида уй-жой йўқ, ҳеч ким яшамайди. Қулайроқ жой топиб, палаткалар ўрнатдик. Тажриба анча вақт давом этди. Тугашига икки-уч кун қолган пайтлар эди. Бир куни ёмғир ёғиб, кучли сел кела бошлади. Тезликда талабаларни йиғдим. Икки-уч километр нарида қишлоқ бор эди. Ҳаммамиз келишиб, қишлоққа боришга қарор қилдик. Ярим тун, ҳаво совуқ, кийимлар шалаббо, тоғ-тошлар орасида юришнинг ўзи машаққат. Йўлда бир талаба йигитнинг оёғи қаттиқ яраланди. Ваҳимага тушдим. Бу аҳволда қишлоққа етиб бориш имконсиз эди. Ҳаммани ортга қайтардим. Палаткалардан бирини маҳкамлаб, ҳаммани бир жойга йиғдим. Қизлар йиғлайди, ярадор йигит қаттиқ оғриқдан азоб чекади. Сел эса дақиқа сайин устимизга бостириб келиши мумкин. Ҳаммамиз Худога ёлвориб, нажот сўраймиз. Тонгга яқин ҳамма минг таҳлика ичида уйқуга кетди. Эрталаб, кўзимни очсам қуёш чарақлаб кетган, ҳаммаёқ тинч. Дарё суви ортга чекинган. Тоғ тепасига чиқиб қарасам, биз ўрнашган жойдан сал тепароқдаги ялангликка тоғдан катта бир тош тушган экан. Ўша тош биз томон келаётган сув оқимини дарё томонга буриб юборган ва биз омон қолганмиз. Ўшанда, Аллоҳнинг қудратига, бизга кўрсатган марҳаматига қайта-қайта шукрона келтирдим.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсам, илм-фан йўли машаққатли йўл. Бу йўлдан юриш инсондан кучли ирода, матонат ва меҳнат талаб қилади. Аммо, илм берган мева, у берган шараф ва муваффақиятнинг роҳати жуда гўзал. Ҳар бир олима аёлга мана шундай зафарлар ёр бўлишини тилайман. Мен шу кунгача илм-фанда озми-кўпми нимагадир эришган бўлсам, қадрдон университетим жамоаси, устозларим, ҳамкасб ва шогирдларим туфайли эришдим ва улардан миннатдорман. 20 йилдан бери экология кафедрасида ишлайман. Ҳамкасбларим жамоаси, шогирдларим мени илмий-педагогик фаолиятда, тадқиқотлар олиб боришда ҳамиша қўллаб-қувватлашади.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими
Ирода Бекмуродова суҳбатлашди.
Шавкат Акрамов олган сурат.