Самарқанд давлат университетида Ўзбекистон – Италия университетлари ректорларининг учрашуви бўлиб ўтди

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов, Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров, Ўзбекистоннинг Италиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абат Файзуллаев ва бошқа олий таълим муассасалари раҳбарлари иштирок этди.
Италиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Пиергабриеле Пападиа де Боттини, Перугиа хорижликлар университети ректори Валерио Де Чезарис, Тушиа университети ректори Стефано Убертини, Рома Тре университети ректори Массимилиано Форуччи, Пиза университетининг проректори Филиппо Джорджи ҳамда Тренто университети проректори Марко Рагасси ўз маърузалари билан қатнашди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов нутқида Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги таълим соҳасидаги алоқаларнинг янги босқичга кўтарилаётгани, айниқса, университетлар ўртасидаги тўғридан-тўғри ҳамкорликларнинг аҳамиятига алоҳида урғу берди.
Тадбир доирасида 10 га яқин олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик шартномалари имзоланди. Жумладан, Самарқанд давлат университети билан Италиянинг Тренто университети ҳамда Венециядаги нуфузли Ка Фоссари университети ўртасида ҳамкорлик бўйича меморандумлар имзоланди.
Мазкур учрашув икки давлат ўртасидаги таълим алоқаларини янада мустаҳкамлаш, талабалар алмашинуви, қўшма илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳаларни йўлга қўйишда муҳим қадам бўлди.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати,
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.