Физиканинг юртимиздаги ривожи

Самарқанд давлат университети қаттиқ жисмлар физикаси кафедраси ассистенти Тўлғаной Шарофова “Яримўтказгичли бирикмаларда аморфлашувнинг критик дозасини ҳисоблаш” мавзусида илмий тадқиқот олиб боради. Мазкур мавзу бўйича 15 дан ортиқ илмий мақолалар муаллифи. Россия, Ҳиндистон, Латвия каби давлатларнинг нуфузли илмий нашрларида мақолалари чоп этилган. Бир неча йиллардан бери физика факултети талабаларига “Қаттиқ жисмлар физикаси”, “Яримўтказгичлар физикаси”, “Электроника ва сигналларни қайта ишлаш” каби фанлардан дарс бериб келади.
– Юртимиз азал-азалдан дунё тамаддунининг бешиги бўлиб келган, - дейди Тўлғаной Шарофова. - Ўтмиш даврларидан бошлаб мамлакатимиз ҳудудида аниқ ва табиий фанлар ривожланиб борган. Хоразмий, Фарғоний, Беруний, Ибн Сино, Насриддин Тусий каби алломаларимиз жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшди. Улар асос солган илмий анъаналар ХХ асрнинг 40-йилларидан бошлаб Ўзбекистонда физика фанини ривожлантириш жараёнида нуфузли илмий мактаблар ташкил этиш билан давом эттирилди. Мамлакатимиз физик олимлари қаттиқ жисмлар физикаси, атом ядроси физикаси, ярим ўтказгичлар физикаси, лазер физикаси ва иссиқлик физикаси соҳаларида жуда катта илмий натижаларга, муваффақиятларга эришмоқда.
Бугун физика фанида илмий тадқиқот билан шуғулланиб келаётган физиклар орасида аёл олималарнинг ҳам борлиги қувонарли ҳол. Бугунги кунда физика факултетида мавжуд 5 та кафедрада 10 дан ортиқ олима фаолият юритади. Уларнинг ҳар бири ўз илмий тадқиқоти билан фаннинг эртанги равнақига муносиб тарзда ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда.
Ирода Бекмуродова
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.