Тойлоқдан Грециягача босиб ўтилган йўл ёхуд 19 ёшли Жаҳон чемпиони ҳақида нималарни биламиз?...

Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани Шопўлат қишлоғи. Хуршиддин Сафаров ва Нилуфар Мавлоновалар хонадони. Ҳозирги кунда ушбу уйда Жаҳон, Осиё ва Ўзбекистон чемпиони Шарофиддин Амриддинов истиқомат қилади.
Шарофиддин Амриддинов Грецияда ўтказилган оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида мутлақ ғолибликни қўлга киритди.
Шарофиддин ёшлигидан спортга қизиқар, барча болалар ўз вақтини мултфильм кўришга сарфласа, у спорт мусобақаларини афзал кўрар эди. Ойиси Нилуфар Мавлонованинг айтишича, ўғли баъзида ушбу спорт ҳаракатларини уйда бажариб кўрар, табиийки она ҳавотир олиб, уни бу йўлдан қайтаришга уринарди. Агар унинг ҳаётида ноодатийлик бор десангиз, адашган бўласиз. У ҳам тенгдошлари сингари қўй боқиб, томорқа ишларида отасига дастёр эди. Лекин ич-ичидан нимадир уни спорт сари етаклашда давом этди.
2015 йил Шарофиддиннинг орзуси амалга ошди. Дадаси уни Тойлоқ олимпия заҳиралари коллежига олиб келганида у эндигина 13 ёшда эди.
Тинимсиз меҳнат ва ҳаракат, ўз олдига қўйилган мақсад сари интилиш Шарофиддинни олға боришга ундайди. У 15 ёшида Ўзбекистон, 17 ёшида Осиё чемпионатида фахрли ўринларни эгаллаб, Жаҳон чемпионати сари ўзининг илк йўлланмасини қўлга киритади.
- Грециядаги чемпионат мен учун энг эсда қоларли мусобақа бўлди, - дейди Шарофиддин Амриддинов. - Бу биринчи марта Жаҳон чемпионатидаги чиқишим эди. Ўша куни мен икки марта чемпион бўлдим. Биринчиси, турнирдаги ютуғим бўлса, иккинчиси, ректоримиз Рустам Холмуродовнинг шахсан ўзлари ота-онамга миннатдорлик хати юборгани бўлди. Мен Грецияда пайтим, оила аъзоларимга бундай эътибор бўлиши кўнглимни яна ҳам юмшатиб юборди, тўғриси, кўзимга ёш келди.
Умуман олганда турнир яхши ўтди. 70 дан зиёд давлатлардан 300 дан ортиқ спортчилар ушбу мусобақада иштирок этди. Қувонарлиси, биз Ўзбекистондан 6 киши эдик, бештамиз фахрли ўринларни эгаллаб, умумжамоа ҳисобида 3-ўринни қўлга киритдик. Ўзим ҳақимда айтсам, дастлабки чиқишлардан кейин белимдан жароҳат олдим. Мураббийим иккиланиб қолди. Лекин ўша пайти кўз олдимга оила аъзоларим, яқинларим кела бошлади. Биз охиригача курашишга қарор қилдик. Сўнгги дақиқалар жуда ҳаяжонли ўтди. Энг яқин рақибим Арманистонлик Петрос Петросян мен билан тенгма-тенг кураш олиб бораётиб, бирдан оғирликни 10 килограммга ошириб юборди. Албатта, бу бизни бироз ўйлантирдию, лекин чўчита олмади. Биз ҳам ўз ўрнимизни билдира олдик ва фахрли биринчи ўринни қўлга киритдик.
- Бизда фақат куч эмас, тактика, руҳият ва кайфиятнинг яхши бўлиши ҳам муҳим ўрин тутади. Вақтим бўлди, дегунча акаларимиз, Олимпиада чемпиони Руслан Нуриддинов, Жаҳон чемпиони Акбар Жўраевлардан ана шу омилларни яхшилаш устида маълумотлар оламиз.
Ота-онам энг кўп қўллаб-қувватловчи инсонларимдир. Мен отам ва онам билан фахрланаман. Уларнинг менга билдирган ишончи доим олға боришга ундайди. Шу ўринда, ўз тенгдошларим ва укаларимга спорт билан шуғулланишларини тавсия қилган бўлар эдим. Балки сиз чемпион бўлмассиз, лекин сиздан кўриб қайсидир укангиз ё жиянингиз шу соҳага, албатта, келади. Мана кўрасиз, у ҳали чемпион ҳам бўлади.
Шарофиддин айни вақтда Тошкентда ўтказиладиган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатига тайёргарлик кўрмоқда. Ундан сўнг, қаҳрамонимизни Туркиянинг Кўня шаҳрида Ислом бирдамлик ўйинлари кутиб турибди. Албатта, Шарофиддин ушбу мусобақаларда ҳам шоҳсупани забт этиб, олтин медаллар билан қайтишини тилаб қоламиз.
Отабек Саъдуллаев,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими