Самарқанд давлат университети тарих факултети магистри Нурхон Сиддиқова “Эрон ва АҚШ зиддияти: кеча ва бугун” мавзусида илмий тадқиқот олиб боради.  Тадқиқотчининг мазкур мавзу бўйича бир қатор мақолалари республика ва халқаро нашрларда чоп этилган.

    – Америка Қўшма Штатлари ва Эрон ўртасидаги зиддиятлар 65 йилдан ортиқ вақтдан бери давом этмоқда, - дейди Нурхон Сиддиқова. -  Албатта, бу каби минтақавий ва халқаро муаммолар дунёнинг барча ҳудудларида етарлича учраб туради. Ҳар икки мамлакат бугунги кунда дунё ва минтақада ўзининг ўрнига  эга. АҚШнинг Эрон билан муносабатлари квазистатсионар хусусиятга эга. АҚШнинг Эронга таъсирини кучайтириш механизмлари қизиқиш уйғотади. Сўнгги йилларда, Европа давлатларининг Эрон муаммосини ҳал қилиш бўйича позитсияси АҚШга сезиларли таъсир ўтказа бошлади. Бунинг шарофати билан бугунги кунда Эрон атрофидаги вазиятни сиёсий мувозанат ҳолати сифатида тавсифлаш мумкин.  АҚШни Эрон инқирозидан маълум даражада орқага чекинишга мажбурлаётган янги субектив омил - Марказий Осиё ҳудудидаги вазият. АҚШ ва унга иттифоқчи сифатида Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа давлатлар Эронга қарши, унинг ядро ва ракеталар дастурига қарши чиқишмоқда.

    АҚШ ва Эрон муносабатлари мавзуси бугунги кундаги энг долзарб ва таъбир жоиз бўлса, дунёнинг янги қиёфасини белгилашга алоҳида ҳисса қўшиши мумкин бўлган муаммолардан биридир. Сабаби, икки мамлакатнинг душманликка барҳам бериши ва ҳамкорликни яна йўлга қўйиши сабаб Яқин ва Ўрта Шарқ ҳамда минтақага қўшни бўлган Марказий Осиё, Кавказорти каби ҳудудларда ҳам тинчлик ўрнатилиши мумкин. Шу билан бирга, минтақа ҳамда унга қўшни ҳудудларда савдо-иқтисодий алоқалар янада жонланиб кетади, қуролланиш учун ажаратилаётган маблағларнинг миқдори сезиларли равишда камаяди. Бу эса бутун минтақа ва унга ҳамоҳанг равишда дунёдаги вазиятнинг яхшиланишига ҳам муносиб ҳисса бўлиб қўшилади. Юқоридаги зиддиятларнинг барҳам топиши натижасида қўшни мамлакатларнинг алоқалари ҳам душманликдан ҳамкорликка томон ўзгариши ва тинчликнинг барқарор асослари вужудга келиши мумкин.

 

Ирода Бекмуродова

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими.

Шавкат Акрамов олган суратлар.