Ҳиндистонлик профессор: “Ўзбек ёшларининг кўпчилигида ҳозирги кунда пул топишдан кўра, илм олишга бўлган интилиш кучли...”

Бомбей технология университети профессори Азизиддин Хон Самарқанд давлат университети талабаларига дарс бериш учун университетимизда 1 ой давомида хизмат сафарида бўлди...
Айни кунларда ўз фаолиятини якунлаб, Ҳиндистонга қайтган олим билан СамДУ Ахборот хизмати ходими боғланиб, унинг Самарқанд давлат университетидан олган таассуротлари, фикр-мулоҳазалари билан қизиқди.
- Бу сафар мен Самарқандга иккинчи марта ташриф буюрдим, - дейди Азизиддин Хон. - Илк марта бу жаннатмакон ўлкага 2018 йилда келган эдим. Албатта, Буларнинг иккаласи ҳам университетларимиз ўртасида йўлга қўйилган профессор-ўқитувчиларнинг алмашинув дастури доирасида амалга оширилди.
4 йил ичида Самарқанд давлат университетида жуда катта ўзгаришлар бўлибди. Айниқса, талабаларнинг ўқишига бўлган эътибор янада кучайганлигини эътироф этиш лозим. Умуман олганда, Ўзбекистонда илм-фан ва ёшларга қилинаётган бундай ғамхўрлик Ўзбекистон келажагининг энг муҳим асосларидан бири, деб биламан. Ахир таниқли, хитойлик қомусий олим Конфуций “Агар сен халқингни бир йил боқмоқчи бўлсанг, буғдой эк, ўн йил боқмоқчи бўлсанг, дарахт эк, агар асрлар давомида боқмоқчи бўлсанг, билим эк, илм эк”, - деб бежиз айтмаган.
Мен талабаларга психология фанидан дарс бердим. Ўзбек ёшларининг кўпчилигида ҳозирги кунда пул топишдан кўра, илм олишга бўлган интилиш кучли. Чунки улар келгусида бу илмнинг баҳоси баланд бўлишини ҳозирдан чуқур англаб етишган.
Талабалар ўз устида кўпроқ изланиш олиб бориши керак, деб ўйлайман. Уларнинг фикрларини эшитиб, доимий қўллаб-қувватлаб туриш уларга бериладиган энг муҳим мотивациялардан биридир. Айниқса, чет тилларини билиш жуда ҳам муҳим. СамДУ талабаларининг инглиз тилини билиш даражасини яхши деб баҳолайман. Ҳар куни талабаларнинг чет тили бўйича халқаро сертификат олганликларини сайтларингизда кузатиб боряпмиз. Бу ёшларга таълим учун ажратилган халқаро грантлар ютиш имкониятини ҳам кенгайтиради.
Шунингдек, мен СамДУ ўқитувчиларига психология фанини ўқитишнинг халқаро методлари ҳақида семинар ўтдим. Бу семинаримиз ҳам икки томонлама манфаатли бўлди. Биз психология кафедраси ўқитувчилари билан ҳамкорликда янги илмий мақолалар ва дарсликлар ёзишга келишиб олдик ва бу борадаги дастлабки қадамларни ташлашга улгурдик.
Мен Ўзбекистонга келиб билдимки, Самарқанд бу юртнинг энг гўзал гўшаларидан бири экан. Одамлари самимий ва меҳмондўст. Заҳириддин Муҳаммад Бобур бекорга Самарқанд деб бунчалик куймаганлигини энди тушундим. Самарқандда яшаш жуда ҳам қулай. Ҳавоси тоза, мусаффо. Айниқса, бу ерда палов, шашлик ва лағмонни жуда ҳам яхши тайёрлашар экан.
Ўйлайманки, биз икки университет ҳамкорлиги доирасида ҳали яна кўплаб илмий лойиҳаларни амалга оширамиз. Бунда профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг алмашинуви, албатта, муҳим бўлади. Самарқанд давлат университети бизнинг энг яқин ҳамкорларимиздан бирига айланишига ишонаман.
Отабек Саъдуллаев,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган сурат.