Бугун Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетига Германиянинг Миттелҳессен амалий фанлар университети профессори Клаус Беҳлер ва Германиянинг ДААД ташкилоти кординатори Бакер Фарангислар ташриф буюрди.   Самарқанд давлат университети халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Акмал Ахатов, илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Ҳаким Хушвақтов билан ўтказилган учрашувда икки томонлама манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш, хусусан, Самарқанд давлат университетида Миттелҳессен амалий фанлар университети билан ҳамкорликда “Амалий физика” қўшма кафедрасини ташкил этиш масаласи муҳокама этилди.

    Шунингдек, делегация аъзолари Самарқанд давлат университети физика факультетида бўлиб, профессор-ўқитувчилар ва талабалар билан учрашув ўтказди. Самимий мулоқот давомида Амалий физика кафедрасини ташкил этишдан кўзланган мақсад, икки томонлама ҳамкорликнинг янги даври бошланаётгани, бунинг учун, албатта, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви йўлга қўйилиши ҳақида батафсил маълумот берилди.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.

Шавкат Акрамов олган суратлар.