Янги дарслик: “Кадрларни инновацион бошқариш”

Мамлакатимизни ишлаб чиқаришда инновация ва интеллектуал ҳиссанинг юқори улуши бўлган барқарор бозор иқтисодиётига, замонавий бозорда рақобатбардош саноатга, шунингдек, қулай инвестициявий ва ишчанлик муҳитига эга бўлган жадал ривожланаётган мамлакатга айлантириш замонамизнинг устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
Жаҳонда глобаллашув жараёнининг чуқурлашуви ва чуқур билим талаб қилувчи технологияларга асосланган ишлаб чиқаришнинг устувор ривожланиши ҳар қандай мамлакатнинг иқтисодий ўсиши ва турмуш сифати ошишининг зарурий шарти инновацион фаоллик билан белгиланади. Инновацион фаоллик, ўз навбатида, давлатнинг иқтисодий ва илмий-техник имкониятлари, унинг инновацияга оид сиёсати ва салоҳияти, шунингдек, жамиятнинг маънавий ҳолатига боғлиқ. Инновацион фаоллик бўй кўрсата бошлаган жойда ўз-ўзидан бошқарув тизимига ҳам инновацион ёндашишга эҳтиёж сезилади. Бу эҳтиёж юртимизда инновацион фаолиятни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг ҳамда давлат бошқаруви, иқтисодиёт устувор тармоқлари ва ижтимоий соҳага инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни амалда жорий қилишни рағбатлантириш ҳам кадрларни инновацион бошқаришнинг самарали тизимини яратиш заруратини тақозо этади. Ушбу вазиятга илм аҳлларининг муносиб ҳиссаси сифатида Самарқанд давлат университети бир гуруҳ профессор-ўқитувчиларининг “Кадрларни инновацион бошқариш” номли дарслиги чоп этилди.
Ушбу дарсликда “Кадрларни инновацион бошқариш” тушунчасининг мазмун-моҳияти, асосий қонуниятлари ва вазифалари кенг ёритилган. Инновацион жараён ва фаолиятларнинг субектлари, ташкилий тузилмалари, инсон ресурсларида инновацияларни ривожлантириш ва ишлаб чиқариш, корхоналар ва ташкилотлардаги инновация жараёнларни бошқариш, ходимларнинг компетенсияси ҳамда ташкилотларнинг стратегик инновацион ривожланиши, инновация ташкилотларида ходимларнинг ижодий фаолияти ҳақида атрофлича маълумот берилади. Инновацияларнинг дастурлари ва лойиҳаларини ривожлантириш, бу жараёнда илмий ташкилотлар иштирокчилари, инновацион сиёсат консепсиясининг асосий принсиплари ва йўналиши, инновацион бизнес инкубацияси ҳамда инновацион ғояларни тижоратлаштириш бўйича муҳим тушунтириш ва таклифлар берилган.
Кадрларни инновацион бошқариш инновацион менежмент ва кадрларни бошқариш ўртасидаги чегарада юзага чиқадиган соҳасидир. Кадрлар ишида инновацион бошқарув обекти бўлиб, янгиланиш ва ривожланиш жараёнлари, корхоналар ва бошқа ижтимоий-иқтисодий тузилмаларнинг кадрлар ҳамда кадрлар тизимларига бўлган эҳтиёж ҳисобланади.
Юқори сифатли инсоний салоҳиятини шакллантириш учун шароит ярата оладиган халқлар ва мамлакатлар дунёда ҳар доим етакчи мавқени эгаллашига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Мазкур дарслик бу каби ривожланиш ва иқтисодий ўсишга ўзига хос тарзда ҳисса қўшиши шубҳасиз.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати