Кичик ҳикоялар муаллифининг катта ютуқлари, улкан орзулари...

Адабиёт оламига қисқа ҳикоялари билан кириб келган, бир қатор таржима асарлари билан китобхонлар қалбидан жой олишга улгурган Нодирабегим Иброҳимова номи кўпчиликка таниш. Ёзувчи, таржимон, “Нодирабегим.уз” сайти асосчиси, “Ёнингдаги бахт”, “Мен, дадам ва Альцгеймер”, “Жодугар ёхуд минг йиллик ҳаёт”, “Зулм ва муҳаббат” каби асарлар муаллифи Нодирабегим Иброҳимова “Қалб ва қалам” лойиҳасининг меҳмони...
-Ижодингизда янгиликлар борми, адабиёт ихлосмандларига қандай асарлар туҳфа қилиш ниятидасиз?
-Айни пайтда таржималар билан бандман. Насиб бўлса йил охиригача бир нечта таржима китобларим нашр қилинади. Шунингдек, роман ёзиш учун изланяпман, ғоя ва мавзу ўйлаяпман. Ижод аҳли ҳеч қачон изланишдан тўхтамайди. Чунки ижод тўхташларни, сокинликни ёқтирмайди. Тинмай ўқиб, изланган одам топади, яратади.
-Ҳар бир ижодкорнинг ўз қалам чархи бўлади...
-Менинг қаламим чархи – табиат. Қачонки табиат бағрига чиқсам, ўзимда ёзиш учун куч топаман. Табиат гўзалликлари мен учун ҳамиша илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади.
-Ўзбек ёзувчиларидан кимларнинг ижодини кузатиб борасиз?
-Эркин Аъзам, Абдуқаюм Йўлдош, Назар Эшонқул, Зулфия Қуролбой қизи каби адиблар ижодини кузатиб бораман. Устозим Абдуқаюм Йўлдошевнинг “Пуанкаре” ҳикоясидан таъсирланиб, “Адибнинг вафоти” номли ҳикоямни ёзганман. Қолаверса Жасур Кенгбоев, Шерзод Ортиқов ҳикояларини ўқиб тураман.
-Яхши ёзувчи бўлиш учун нима қилиш керак?
-Ёзувчи бўлиш учун 99 фоиз меҳнат, 1 фоиз иқтидор керак деган гап юради. Албатта, бу тўғри. Худо томонидан берилган истеъдодни меҳнат орқали ривожлантириш керак. Дангасалик – ёзувчининг душмани. Ижодкор кўнглида дард, изтироб бўлмас экан, унинг ёзганлари ўқувчилар кўнглига кириб боролмайди. Ёзувчининг асосий ютуғи тил билиши. У ўз асарини бошқа тилларга ўзи таржима қилса таржима асл чиқади. Шунинг учун ўз асарларимни ўзим инглиз тилига таржима қиламан. Яқинда инглиз тилидаги ҳикоялар тўпламим Америкада нашрдан чиқди.
-Биринчи ҳикоянгизнинг ёзилиш тарихи ҳақида айта оласизми?
-Илк ҳикоям “Азон” номли ҳикоя эди. Ўшанда 17 ёшда бўлганман. Томга чиқиб азон овозини эшитиб ўтирганимда ёзилган.
-Бадиий асар яратиш чоғида кўпроқ ҳаётий воқеаларга таянасизми ёки бу борада фантазиянинг ўзи етарли бўладими?
-Иккиси ҳам муҳим. Шунчаки ҳаётдан кўчириб олишнинг ўзи етмайди. Тўқимасиз тасвир оддий баён бўлиб қолади. Фақат бадиий тўқиманинг ўзи эса асарни ҳаётдан узиб қўйиши мумкин. Мен ҳамиша реал ҳаётда учрайдиган воқеаларга бадиий тўқима уйғунлаштирган ҳолда образлар яратишга ҳаракат қиламан.
-Наср билан биргаликда таржима соҳасида ҳам бир талай асарларни ўзбек тилига ўгиргансиз. Таржималарингиз 2018 йилда “Амарантус” адабий агентлиги томонидан ўтказилган танловда ўзбек тилидан инглиз тилига ўгирилган «Энг яхши таржима» номинациясида 1-ўринга лойиқ кўрилган экан. Ўзи умуман таржима учун асар танлашда қандай омилларга таянасиз? Сиз учун қайси тилдан таржима қилиш қулай?
-Гарчи журналистика соҳасида ўқиган бўсам ҳам, университетимизда бизга дарс берган ўқитувчилар ижодга бегона эмасдилар. Таржима соҳасига кириб келишим ана шу талабалик йилларимда содир бўлган. Таржима жараёнида, аввало, ўзим қизиққан китобларни асл вариантда ўқиб чиқаман. Воқеалар жараёни қизиқ, ҳам инсон дунёқарашини бойитиб, озуқа бера оладиган асарларни излайман. Шу кунга қадар “Дунёдаги энг бахтли одам”, “Тўй совғаси”, “Ҳаётнинг беш тортиғи” номли таржималар тўпламим нашр этилган. Ҳар бир асарнинг ўзига хос тили, жозибаси бўлади. Таржима жараёнида мана шу жозибани сақлаб қолиш муҳим. Акс ҳолда таржима асл вариантдан узоқлашади. Шуни айтиб ўтишим жоизки, таржима ёзувчи учун жуда катта тажриба мактаби. Чунки, тажриба жараёнида таржимон ёзувчидан сўз қўллаш қобилияти, бадиий маҳорат сирларини ўрганиб боради.
-Ўтган йили “Мен, дадам ва Альцгеймер” китобингиз нашр этилди. Китобхонларнинг ушбу китобга муносабати қандай бўлди? Танқидлар ҳам бўлдими?
-Китоб нашр этилгандан бошлаб шу кунгача китобхонлардан асосан ижобий фикрлар эшитиб келяпман. Лекин бу асар мутлақо танқидлардан ҳоли дегани эмас. Анча ёш пайтим ёзилган ҳикояларга нисбатан эътирозлар ҳам учраб туради. Уларни ўринли қабул қиламан.
-Нега айнан Альцгеймер? Шахсий ҳаётингизда у билан боғлиқлик борми?
-Альцгеймер бутун дунё бўйлаб кенг тарқалган хасталик. Бу шунчаки хотира йўқолиши эмас, охири ўлимга олиб борадиган жиддий касаллик. Бизда ҳали бу мавзу адабиётга кириб келмаган эди, аммо жаҳон адабиётида, киноларида кўплаб учрайди. Бу ҳикояни ўқигач, бир нечта инсонлардан “Менинг бобом ёки отам шу хасталикка чалинган, ўқиб йиғладим, вақтида билмаганмиз,” деган мактублар олдим. Очиғи, жуда таъсирландим. Ёзганларимнинг оз бўлса ҳам, ўқувчилар қалбига кириб бораётгани менга қувонч бағишлайди.
-“Жодугар ёхуд минг йиллик ҳаёт” ижодингизнинг яна бир қиррасини очиб берди. Асар яратилиши ҳақида айтиб берсангиз. Фантастик асар ёзиш ижодкордан нималарни талаб этади?
-Фантастика жанрига болаликдан қизиқаман. Рей Бредбери ижодини яхши кўраман, доимий равишда кузатиб бораман. Фантастик асар ёзиш учун ижодкорнинг хаёлот олами кенг бўлиши керак. Бунинг учун кўп ўқиш ва изланиш ёрдам беради. Ҳеч эсимдан чиқмайди: қисса ёзилаётган вақтда бир воқеани тушимда кўрганман ва шу асосда асарни ёзиб тугатганман.
-Бугунги замон ўқувчиларининг адабиётга муносабати сизни қониқтирадими?
-Бугунги кунда асосан бир марта ўқиладиган енгил таржима асарларга ружу қўйиляпти. Ўзбек ва жаҳон классик адабиётининг юксак намуналари савдоси суст. Бунинг учун бундай асарлар тарғиботини ошириш керак, деб ўйлайман.
-Бугунги Нодирабегим Иброҳимова ҳаётда ва адабиётда ўз ўрнини тўла-тўкис топа олдими?
-Шунга интилмоқда...
-Ҳаётда нимадан қўрқасиз?
-Ёза олмай қолишдан.
-Ўтган умрингизни сўзларда тасвирлаш керак бўлса, қандай жанрдаги асар яралган бўларди?
-Романтизмдан реализм сари йўл...
- Анъанавий савол: Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос адабий ва илмий муҳити бўлади. Сиз Самарқанд адабий муҳити ҳақида нималар дея оласиз?
-Аввало, ушбу лойиҳага таклиф этганингиз учун раҳмат. Самарқанд адабий муҳити бугунги адабий жараёнда ўз ўрнига эга бўлган, ўзбек адабиётининг бир қатор устунлари етишиб чиққан адабий муҳитдир. Менинг илк ҳикояларим Самарқандда чиқадиган “Бекажон” газетасида чоп этилган. Ижодга эндигина кириб келган ёш қиз учун бу жуда катта муваффақият бўлганди ўшанда. Ушбу газета ҳам адабиёт майдонига кўплаб ижодкорларни учирма қилган ҳисобланади – Умид Али, Ирода Умарова, Холиёр Сафаров ва шулар қаторида камина ҳам... Илк марта Самарқандга “Бекажон” туфайли ижодий саёҳат уюштирилганда борганман. Таассуротларим бир олам эди. Илк ҳикояларимга таҳририятнинг берган эътирофи мотивация бўлиб, катта майдонга қадам қўйдим. Шу сабабли бугунги эришганларимда Самарқанднинг ўрни бўлакча...
Суҳбатдош Ирода Бекмуродова
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.