“Иш-қуролинг соз бўлса, машаққатинг оз бўлур...”ёхуд бартараф этилган муаммолардан бири ҳақида

Автомобиль ишлаб чиқариш саноати ўзбек халқининг чин маънодаги фахридир. Унинг пойдевори мустақиллик йилларида қурилган бўлиб, иқтисодиётимизда етакчи ўрин тутади. Автотранспорт воситаларини ишлаб чиқарувчи мамлакатлар ўртасида Ўзбекистон автомобиль саноати 28-37-ўринлардa, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида эса биринчи ўринда туради.
Бугунги кунда мамлакатимизда автомобилсозлик иқтисодиётнинг жадал ривожланаётган соҳаларидан бирига айланиб, ўзбек автосаноати замонавий технологиялар билан жиҳозланган кўплаб корхоналарни ўз ичига олади. Ҳозирги кунда автомобиль ишлаб чиқариш тармоғида 75 дан зиёд корхоналар бўлиб, унда 225 минг нафардан ортиқ ишчи ва ходимлар фаолият юритади.
Самарқанд давлат университети бошланғич ва технологик таълим кафедраси катта ўқитувчиси Шоҳиста Мамасолиева “Автомобилсозлик корхоналари хизматчилари учун юқори гигиеник ва эксплуататцион махсус кийим ишлаб чиқиш технологиясини такомиллаштириш” мавзусида илмий тадқиқот олиб боради. Тадқиқотчи мазкур йўналишда ишлаб чиққан лойиҳаси билан яқин кунларда ўтказилган “Ҳудуднинг 100 нафар ихтирочи аёли” ҳафталиги доирасида ташкил этилган “Ихтирочи аёл - 2022” танловида иштирок этиб, “Энг яхши саноат намунаси, селекция ютуғи рационализаторлик таклифи” номинациясида ғолибликни қўлга киритди.
– Хизматчилар учун ишлаб чиқариладиган махсус кийимлар инсонни индивидуал ҳимоя қилишнинг зарур воситаларидан бири бўлиб, унинг мақсади ишчилар танасини физик-механик ва атроф-муҳит омилларининг салбий таъсиридан ва турли хил ифлосланишлардан ҳимоя қилиш, тананинг меъёрий термоназоратини, ҳаракатланиш эркинлигини, эксплуатация қилиш қулайлигини таъминлашдан иборат, - дейди Шоҳиста Мамасолиева, - Ҳозирги вақтда истеъмол бозорида таклиф этилаётган махсус кийимлар ҳар доим ҳам уларга қўйиладиган талаблар мажмуини тўлиқ қондирмайди, ҳар доим ҳам ишлаб чиқариш муҳитидаги муайян шароитларнинг ўзига хос хусусиятларига мос келадиган махсус кийимларга бўлган эҳтиёжларни таъминламайди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, махсус кийим ҳимоя хусусиятларининг экплуатация қилиш шароитларига мувофиқлигини таъминлаш махсус кийимларни ишлаб чиқаришнинг энг долзарб вазифаларидан бири бўлиб, автомобилсозлик тармоғи ҳам бундан мустасно эмас.
Ҳозирги кунда автомобилсозлик корхоналари хизматчилари учун махсус кийимлар асосан импорт қилинадиган газламалардан тайёрланади. Ушбу импорт газламанинг асосий таркибини полиэстер ташкил қилади. Бу эса эксплуататцион, гигиеник ва технологик хусусиятларига кўра Ўзбекистон иқлим шароитига тўлиқ жавоб бермайди. Сабаби, бизда иқлим қуруқ ва иссиқ. Жорий ишчи кийимлари толалар таркибида пахта жуда кам миқдорни ташкил қилади, деярли ҳаво ўтказмайди. Бир кунда 8-10 соатлаб ишлайдиган хизматчилар учун бутун иш куни давомида формада юришнинг ўзи алоҳида машаққатга айланган. Биз иқлим хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда махсус кийимбоп газламалар ва махсус кийим комплектини Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда толавий таркиби ўзгартирилган янги структурали газлама яратдик. Яъни ишчилар кийими тайёрланадиган газлама таркибига полиэстер ўрнига модал толаларини қўшдик. Тайёр маҳсулотнинг физик-механик хусусиятлари тадқиқ қилинганда янги яратилган газламанинг гигиеник кўрсаткичлари, яъни ҳаво ўтказувчанлиги ва гигроскопиклиги (инсон танасидан чиққан терни шимиб олиш хусусияти) юқорилиги аниқланди. Бу юртимиздаги нафақат автомобилсозлик балки бошқа ишлаб чиқариш корхоналари ишчилари махсус кийимлари учун ҳам мазкур газламани тавсия этиш мумкинлигини кўрсатади.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати